Фижининг Сува шаҳрида оғир атлетика бўйича ёшлар ўртасида жаҳон чемпионати давом этмоқда. Мусобақанинг иккинчи куни доирасида иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси вакили Адҳамжон Эргашев (-67 кг) чемпионликни муносиб ҳимоя қилди. Ўтган йили Тошкентда ўтказилган ёшлар ўртасидаги дунё биринчилигида ҳам Адҳамжон ғалабани қўлга киритган эди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

-67 килогрaмм вазн тоифасида иштирок этган Адҳамжон даст кўтариш машқида 141 кг, силтаб кўтариш машқида эса 173 кг, жами 314 кг натижа қайд этди. Унинг бу кўрсаткичини ҳеч қайси рақиби такрорлай олмади. Кумуш медаль туркиялик Муҳаммад Фурқон Ўзбекга насиб этган бўлса, россиялик Зулфат Гараев бронза медали билан тақдирланди.

Оғир атлетика бўйича ёшлар ўртасида ЖЧ. Фижи, Сува.

Эркаклар, -67 кг.:

1. Адҳамжон Эргашев — 314 кг (141 кг + 173 кг)

2. Муҳаммад Фурқон Ўзбек (Туркия) — 307 кг (135 кг + 172 кг)

3. Зулфат Гараев (Россия) — 300 кг (137 кг + 163 кг)

Бу ғалаба билан Адҳамжон Токио олимпиадаси учун ҳам қимматли рейтинг очколарини жамғаришга муваффақ бўлмоқда. Бу Эргашев учун ёшлар ўртасидаги сўнгги жаҳон чемпионати эди.