Халқ банкининг пенсионерлар учун Uzcard карталаридан нақд пул ечиб олишда комиссион фоизлар ундирилмайди, дея хабар қилди Ягона умумреспублика процессинг маркази матбуот хизмати.

Халқ банкининг пенсионерлар учун карталари пенсионерларнинг хоҳиши бўйича бепул очилади. Уларда овердрафт мавжуд бўлиб, мижоз ҳисобида пул етарлича ёки мутлақо пул бўлмаса, банк ЭКИҲнинг 3 баравари миқдорида кредит тақдим этади. Пенсионерлар картаси эгаси пулни ўз карта рақамига олади.

Овердрафтдан ҳар ой пенсия тушадиган муддатгача фойдаланиш мумкин. Кредит муддати — 12 ой бўлиб, ойлик 1,33 фоиз устама ёзилади.

Қайд этиш жоизки, аввалроқ Ўзбекистон Марказий банки раиси Мамаризо Нурмуродов яқин келажакда пенсияларни нақд пулда тўлашни тўхтатиш режаси ҳақида маълум қилган эди. Унинг ўрнига ҳар бир маҳалла ва хизмат кўрсатиш жойларига банкоматлар ўрнатиш режалаштирилмоқда.