Алишер Хабибуллаевич Абдуалиев Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди, дея хабар қилди «Газета.uz"нинг ҳукуматдаги ахборот манбаси. Тайинловга қадар — январдан — у ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатиб келаётган эди.

Алишер Абдуалиев (1965 й. т.) Тошкент давлат университетининг фалсафа-иқтисодиёт факультетини (1989) ва Ўзбекистон Миллий университетининг ҳуқуқшунослик факультетини (2005) тамомлаган.

Турли йилларда у Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги, Ташқи иқтисодий фаолиятни мувофиқлаштириш департаменти, Вазирлар Маҳкамасининг Ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича йиғма ҳисобот-таҳлил департаменти ҳамда Иқтисодиёт ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича йиғма ахборот-таҳлил департаментларида фаолият кўрсатган.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг Ҳуқуқий экспертиза ва халқаро шартномалар бошқармаси бўлим бошлиғи (2008−2012) ҳамда Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчиси лавозимларида меҳнат қилган.