Мактабни битириш арафасидаги йигит-қиз борки, келажакда ким бўлсам экан, деб бошини қотиради. Фақат ёшлар эмас, уларнинг ота-оналари, қариндош-уруғлари, устоз-ўқитувчилари, дўсту ёрлари ҳам бу масала ўйлантиради. Ахир касб инсоннинг келажаги, унинг тақдирини белгилайди, борингки у бутун умрини қай даражада бахтиёр ўтказиши ҳам қайсидир маънода касби корига боғлиқ.

Вақти-вақти билан жамият учун энг зарур, энг кўп маош бериладиган, энг мавқеси баланд касблар рўйхатлари ҳам эълон қилинадики, танлов олдида турган ёшлардан шулардан бирортасини танлаб қўя қолсаммикан, деб хам ўйлаб қолиши ажаб эмас. Аммо бугунги мақоламиз билан ёшларга айтар гапимиз қуйидагича: ўзингиз истаган, ёқтирган, орзу қилган касбингизни танланг! Нега дейсизми? Чунки одам ўзи яхши кўрган, иқтидори кўпроқ бўлган касбу корини танласагина муваффақиятга эришади-да. Муҳими, қандай касб танламанг, шу касбнинг ҳақиқий устаси бўлинг! Негаки, аслида гап қандай касбни танлашда эмас, балки шу касбни қай даражада мукаммал эгаллашдадир.

Касбни мукаммал эгаллаш деганда эса соҳанинг маълум йўналишини танлаб, уни чуқур ўрганиш, тадқиқ этиш тушунилади. Тадқиқотлар қилган одам эса ОЛИМ бўлади!

Юртимизда айнан олимлар етишмаслигини биласизми? Германиянинг Федерал статистика идора сайтидаги маълумотларга қараганда 2015 йили ҳар 1 000 000 кишига олимлар сони Ўзбекистонда — 515 нафарни, Қозоғистонда — 734, Хитойда — 1177, Малайзияда — 2261, БАА -2003, Россияда — 3131, Францияда — 4169, Германияда — 4431, Италияда — 2018, Украинада — 1006, Англияда — 4055, АҚШда — 4232 нафарни ташкил этган.

Кўриб турганингиздек, юртимиздаги илм-фан билан шуғулланадиган кишилар сони нафақат ривожланган, балки ривожланаётган давлатлардан ҳам анчайин паст. Демак, бугун шу бўшлиқни тўлдириш вақти келди. Бунинг учун эса ёшликдан ҳаракат қилиш талаб этилади, холос.

Аслида, узоқ йиллардан бери ўқувчиларнинг, талабаларнинг илм-фанга қизиқишлари йўқлигининг сабаблари кўп. Одамларда олимлар жуда кўп меҳнат эвазига, арзимаган ойлик олади деган тасаввур пайдо бўлган. Ваҳоланки, маълум соҳани чуқур ўрганиш, шу соҳанинг етук мутахассиси бўлиб етишиш шу касб эгаси олдида катта эшикларнинг очилишига хизмат қилади. Янада дангалроқ гапирадиган бўлсак, кўп ўқиш, билим олиш фаровон ҳаёт кечириш учун замин яратади. Бахт, чиройли уй, яъни машина, тўкин-сочинлик билан белгиланмайди, демаймиз. Албатта, белгиланади. Олимлар эса нафақат бу нарсаларга эришишлари мумкин, балки бошқаларнинг ҳам янада бахтли, қулай ҳаёт кечиришларига хизмат қиладилар. Улар қилган ихтиролар, технологиялар, инновациялар ўзларига ҳам, юртга ҳам фойда келтирадилар.

Яна битта маълумот: шу йилдан бошлаб Ўзбекистонда олимларнинг тадқиқотлари учун ҳар бир лойиҳага йилига 300 миллион сўмдан бир миллиард сўмгача (!) бўлган маблағлар грант сифатида тақдим этилмоқда. Грантларни учраган тадқиқотчига тутқазиб қўйилмаслиги тайин. Бунинг учун олимлар ўз лойиҳалари билан танловда иштирок этишлари талаб этилади. Иқтисодиётга фойда келтирадиган, жамиятимизнинг ривожланишига салмоқли ҳисса қўшадиган, бугунги муаммоларнинг ечилишига кўмак берадиган мавзулар бўйича илмий ишлар молиялаштирилмоқда. Бугунги талабалар эртага, ёш тадқиқотчилар эса мана бугун ҳам шундай грантларни ютиб олиб, юртимиз корига ярайдиган ихтиролари билан ном чиқаришлари бугунги кун ҳақиқатидир!

Гап шундаки, ёшлар илм-фан билан шуғулланиш истагини билдиришлари заҳоти, бу йўлнинг мушкулотлари ҳақида баҳс бошланиб кетади, ҳали бу йўлга қадаб қўйиб улгурмаган ёшга унинг қийинчиликлари ҳақида гапирилади: олимнинг иш топиши қийин, маоши кам, илмий мақоласини чоп этиш учун маблағ керак, грантларга ариза ёзиш учун барча ишларни ташлаб қўйиш керак, грант олиш эса давлат мукофотини олишдан-да мушкул ва ҳоказо. Бундай ҳолатлар бўлиши мумкин. Аммо бу танганинг бир томони холос. Илм-фан билан шуғулланишнинг ижобий жиҳатлари тасаввурингизни буткул ўзгариши аниқ.

Илмий ходим ҳамиша изланишда, ҳатто иккиланишда бўлиши, айрим ҳолларда ундан омад юз ўгириши ҳам мумкин (ҳар қандай касб эгасида бўлганидек), аммо бу тушкунликка тушиш учун асос бўла олмайди. Олим бўлишнинг ижобий жиҳатлари ҳақида гапиришдан олдин, шунчаки айрим масалаларга аниқлик киритиб олишимиз керак бўлади.

Аввало, олимлик — оғир меҳнат, уни ҳамма ҳам эплайвермаслиги аниқ. Юқори мартабага эришиш, катта лавозимларни эгаллашнинг турли усуллари бор экан, қандай танлов қилиш сизнинг ихтиёрингизда.

Иккинчидан, тадқиқот қилаётган соҳангизни яхши кўришингиз керак. Негаки, омадсизликларга дуч келганингизда айнан, шу соҳага бўлган муҳрингиз, қизиқишингиз тўсиқларни енгиб ўтишингизга ёрдам беради.

Учинчидан, олимларнинг ишлари фақатгина муваффақият, олқишлардан иборат эмас. Олим 95 фоиз вақтини бир зайилдаги, бир қарашда зерикарли юмушларни бажаришга сарфлайди. Фақат ишининг охиридагина қандайдир кичикроқ ихтиро қилишга эришиш имкониятига эга бўлади.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 1500 мингдан зиёд 30 ёшгача бўлган ёшлар турли хил ихтиролари учун патентлар олган. Бу кўрсаткич фақатгина Ўзбекистондаги давлат олий таълим муассасалари миқёсидаги статистик маълумотлар бўлиб, аслида ёш ихтирочиларимизнинг сони бундан-да кўплиги қувонтиради. Айнан шундай ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2019 йилдан бошлаб, ёш олимлар, талабалар, умуман ташаббускор фуқаролар «Инновацион ғоялар етакчиси» кўкрак нишони билан тақдирланадилар. Жорий йилнинг 1 апрелидан 30 апрелгача кўкрак нишони билан тақдирлашга оид давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари тақдим этаётган дастлабки таклифлар туман ва шаҳар ҳокимликларида тузилган комиссиялар томонидан қабул қилинмоқда. Тадқиқотлар билан, тадқиқотларни амалга татбиқ қилиш билан шуғулланаётган ёшларнинг эътироф этилиши юртимизда илм-фан билан шуғулланиш қай даражада нуфузли эканини англатади.

Олим бўлишнинг афзалликларини санаб ўтишдан аввал яна бир юртимизга хос бир жиҳатни айтиб ўтиш ўринлидир. Гап шундаки, айни пайтда Ўзбекистондаги олимлар, профессорларнинг ёшини таҳлил қиладиган бўлсак, 60 ёшдан катта ҳурматли профессорлар, академиклар кўпчиликни ташкил этади, кейин ўртада бўшлиқ пайдо бўлган бўлиб, ўттиз ёшгача бўлган салоҳиятли, лекин бой тажрибага эга бўлмаган тадқиқотчилар авлоди пайдо бўлган. Айнан мана шу ўсиб келаётган илм-фанга чанқоқ йигит-қизлар ўз устиларида ишлашдан чарчамасалар, танлаган йўлларидан тоймай олға ҳаракат қилсалар ватанимиздан Бухорий, ал-Хоразмийлар, Ибн Сино, Улуғбек, Фаробий каби жаҳон илм-фан саҳнасининг ёрқин юлдузлари чиқиши муқаррар.

Демак, қийинчиликлардан қўрқмайдиган, курашишга тайёр, ғайрати жўшиб турган ёшларга олим бўлишнинг афзалликларини баён этамиз:

1. Эркинлик. Олимлар тадқиқот мавзуларини эркин танлаш имкониятига эгалар, ўз йўналишларини ўзлари танлайдилар. Ўз тадқиқотини истаган томонга йўналтириш ижодий кўтаринкилик бахш этиши билан қаторда, ҳар қандай эркинлик ҳам ташаббускорликни, чуқур фикрлашни ва қарорлар қабул қила билиб, шу қарорларга масъул бўлишни талаб этади. Шу билан бир қаторда олимлар, барибир, бошқа ижодий касб эгалари, дейлик, рассомлар, ёзувчилардан фарқли равишда грантлар бериладиган мавзулар ичидан истаганларини танлаб, унда ғолиб бўлишлари ва шу ўзларига ёққан мавзу устида ишлаганлари учун маош олишлари мумкин.

2. Юқори мансабларни эгаллаш. Сир эмас, бугунги кунда фан номзоди ва докторларига иш кўп. Олимлар, масалан, ҳам тадқиқот ишлари билан, ҳам таълим бериш билан шуғулланишлари мумкин.Катта маош тўлайдиган йирик компанияларда, давлат муассасаларида ҳам илмий даражангиз бўлса, бошқа номзодлар ичида ютиб чиқиш имкониятингиз бир неча бараварга ошади.

3. Кашфиётлар ичида яшаш. Атрофимиздаги борлиқнинг янги қирраларини кашф қилиш саодати сизга насиб этади. Илмий кашфиётларга алоқадор бўлиш қанчалик зўр! Буни ортидан тажриба орттирасиз, жараённинг ўзидан мафтун бўласиз. Кўплаб илмий мақолалар ўқийсиз, турли хил конференцияларда иштирок этасиз, буюк олимларнинг маърузаларини тинглайсиз. Демак ҳам ишлаб, ҳам бошқаларнинг ишларидан илҳомланасиз.

4. Халқаро илмий жамоатчилик аъзоси бўлиш. Олимнинг қаерда ишлаши аҳамиятга эга эмас. Дейлик Тошкентда истиқомат қила туриб, дейлик, Европа мамлакатларининг илмий муассасаси билан ҳамкорлик қилиш мумкин. Олимлар миллати ва ирқидан қатъий назар, доимий равишда тажриба алмашганлари, янгиликларга ўч бўлганлари боис уларни бирлаштирувчи омиллар бисёр. Олимлар қандайдир расмий ташкилотлар орқали эмас, кўнгил муштараклигидан келиб чиқади. Олимларнинг меҳнати дунёни бирлаштиради, аҳоли ҳаёт сифатини яхшилашга хизмат қилади.

5. Сафарлар. Мамлакат ичидаги ва хоридаги семинарларга, ўқув курсларига, малака оширишга бориш, шу билан бир қаторда дунё кезиш қандай мароқли! Сафарларда машҳур олимлар билан учрашасиз, ҳамкасблар ва талабалар билан танишасиз, янги дўстлар орттирасиз.Ҳамкорлик имкониятлари пайдо бўлади, янги лойиҳалар ва ғоялар билан бойийсиз, ғайратингиз жўшиб, илмий ишингизга янги шижоат билан киришасиз. Қисқа муддатли семинарлардан ташқари бир неча ойлик ёки йиллик малака ошириш курсларида иштирок этиб, чет тилини мукаммал ўрганиш, ўша мамлакат аҳолисининг яшаш тарзи билан танишиш,тадқиқ қилишнинг янги услубларини ўзлаштириш имкониятидан фойдаланасиз.

Хулоса ўрнида эса олимлар нафақага чиқмайдилар. Нафақа ёшига етганларида ҳам улар ўзларини жамият учун керакли инсонлар деб ҳисоблайдилар. Бугунги мақола аудиториясига, балки, нафақа тўғрисида ўйлаш эриш туюлса-да, буни ҳам сўнгсўз ўрнида эслатиб ўтишни жоиз топдик. Зеро, ёшликда олинган, билим тошга ўйилган нақшдек.

Назокат Азим

«Ёшлар медиа маркази» ННТнинг кичик грантлар танлови асосида тайёрланди.