Халқ таълими вазирлиги томонидан «Дарсликларни биргаликда такомиллаштирайлик» танлови ўтказилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Танловнинг мақсади

«Дарсликларни биргаликда такомиллаштирайлик» мавзусидаги танловнинг мақсади кенг жамоатчилик вакиллари, яъни ота-оналар, ўқувчилар, ўқитувчилар ва мутахассислар иштирокида мавжуд дарслик ва ўқув-методик адабиётлардаги камчиликларни топиш, уларни сифатли даражада чиқиши борасида таклиф ва мулоҳазаларни йиғиш ва уларни бартараф этиш юзасидан ҳамкорлик қилиш.

Танловнинг ўтказиш тартиби ва шартлари

Мазкур танлов 2019 йилнинг 15 мартидан 15 апрелига қадар ўтказилади. Барча таклифлар, дарсликда аниқланган камчиликлар рўйхати ва улар юзасидан изоҳлар ўша дарслик номини ёки ўқув-методик адабиётнинг номини аниқ кўрсатган ҳолда (синфи, нашр этилган санаси, қайси тилда чоп этилган, муаллифлари, юқоридан қатори ва саҳифаси, боби, ўз фикрингизни асословчи факт ва далиллар билан биргаликда) tanlov@xtv.uz электрон манзилида қабул қилинади.

Таклифини жўнатган танлов иштирокчиси томонидан боғланиш учун телефон ва телеграмм рақамларини ва электрон почта манзилини кўрсатишлари, шу билан биргаликда фамилияси, исми, отасининг исми, ёши, ҳамда касбий фаолияти тўғрисида қисқача маълумот билан паспорт нусхаси илова қилиниши сўралади. Аноним мурожаатлар кўриб чиқилмайди.

Ғолиблар қуйидаги мезонлар бўйича аниқланади:

— таклифлар, дарсликда аниқланган камчиликлар рўйхати ва улар юзасидан изоҳлар аниқ ва тушунарли қилиб тақдим этилган;

— чуқур маъноли, яхши тадқиқ этилган, мазмундор таклиф ва изоҳлар;

— мисоллар ва ишонарли фактларга асосланган таклиф ва изоҳлар;

— ғояси аниқ ифодаланган, ишончли ва мутахассислар томонидан тан олинган манбаларга асосланган таклиф ва изоҳлар;

— тақдим этиш шаклларининг янгилиги, ўзига хослиги ва ифодалилиги.

Танловга тақдим этилган таклиф ва изоҳлар етакчи олимлар ва мутахассислар, жамоат ташкилотлари ҳамда тегишли идоралар вакилларидан иборат ҳайъат томонидан баҳоланади.

Танловда қатнашиш истагини билдирган ота-оналар, ўқувчилар, ўқитувчилар ва мутахассислар, журналистлар ўз ишларини «ХТВ Танлови — Хатосиз дарсликлар» белгиси билан tanlov@xtv.uz электрон манзилига юборишлари лозим.

Ғолибларни тақдирлаш

Ғолиблар умумтаълим мактабларининг 1−11-синф дарсликлари ва ўқув методик қўлланмаларидан энг кўп ўринли хатоларни топган ҳамда энг юқори балл тўплаган 3 нафар иштирокчи (1-, 2- ва 3-ўрин) ғолиб деб топилади ва Халқ таълими вазирлиги томонидан пул мукофоти билан тақдирланади.

Танлов ғолиблари ўқув йили якуни арафасида эълон қилинади ва уларга пулмукофоти топширилади.

Танлов ғолибларини тақдирлашда ҳомийлар жалб қилиниши мумкин.

Якуний қоидалар

Танловнинг ўтиш жараёни ва танлов ғолиблари оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритилади.

Белгиланган тартибда юборилмаган ишлар кўриб чиқилмасликка асос бўлади.