Ўзбекистонда илк бор мамлакат бош психиатри ва бош суицидологи лавозимлари жорий этилади. Бу президентнинг 13 февралдаги қарорида кўзда тутилган.

Ҳужжат билан 2019−2025 йилларда Ўзбекистон аҳолисининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизматини ривожлантириш концепцияси тасдиқланди. Қуйидагилар концепциянинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

  • аҳолига психиатрия ёрдами кўрсатиш соҳасида хусусий тиббиёт амалиёти ривожланишини рағбатлантириш;
  • руҳий ҳолат бузилиши аломатларига эга бўлган инсонларга нисбатан салбий қарашларнинг шаклланиши ва уларнинг камситилишига йўл қўймаслик, руҳияти бузилган шахслар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари амалга оширилиши учун тенг шарт-шароитларни таъминлаш;
  • ёрдамга муҳтож бўлган аҳолининг барча ёшдаги гуруҳларини психиатрия ёрдами билан қамраб олиш, руҳий ҳолати бузилган шахсларни аниқлаш, даволаш ва реабилитация қилиш бўйича сифатли тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини ошириш;
  • психиатрия ёрдамини кўрсатишда, айниқса, республика ҳудудларида идоралараро мультидисциплинар бригада иши моделини жорий этиш.

Психиатрия ёрдамини кўрсатувчи амалдаги муассасалар негизида фаол терапияга ва кенг кўламли даволаш-реабилитация комплекс тадбирлари ўтказишга, кундалик врачлар кузатувида бўлишга муҳтож бўлган, бироқ куну тун психиатрия стационарига жойлаштирилиши шарт бўлмаган руҳий ҳолати бузилиши зўраядиган ёки компенсацияси бузиладиган шахслар учун кундузги стационарлар фаолияти ташкил этилади.

Руҳий ҳолати бузилган шахслар уларга психиатрия ёрдами кўрсатилиши вақтида давлат тизими доирасида бепул юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб қўйилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига руҳий ҳолати бузилган шахсларни замонавий юқори самарали дори воситалари билан таъминлаш бўйича чораларини кўриш топширилди.