Тошкент шаҳар ҳокимининг тегишли қарорига мувофиқ, Тошкент шаҳридан ўтадиган каналлардан фойдаланиш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш бўйича 2019 йилга мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Унга кўра, магистрал каналларга туташ ҳудудларда замонавий ландшафт меъморчиликларини қўллаган ҳолда тематик хиёбонлар шунингдек, амфитеатрлар ва аҳоли дам олиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида маданий кўнгилочар масканлар очиш белгиланган.

Хусусан, туристлар учун шаҳарнинг жозибадорлигини ошириш мақсадида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, жумладан спорт ва соғломлаштириш (байдарка ва каноэда эшкак эшиш, югуриш ва велосипед йўлаклари) масканлари ҳамда енгил конструкциядаги умумий овқатланиш масканлари, «Wi-Fi» ҳудудлар ва мусиқали фавворалар барпо этилади.
Шу билан бирга, каналларга туташ ҳудудларда «Book cafе» «Open air» кинотеатрлари, «Экстремал спорт турлари», «Сунъий пляж» лойиҳаларини амалга ошириш кўзда тутилган.

Шунингдек, «Бўзсув» каналининг Чилонзор туманидан ўтган қисмида 800 метр масофада инвесторлар ҳисобидан «Гандола» қайиқларида сайр қилиш масканлари ҳам ташкил этилади.