Қашқадарё вилоятида жорий йилнинг 10 ойида 899 та ёнғин қайд этилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 15 тага камайган. Бироқ, содир бўлган ёнғинлар оқибатида 51 фуқаро тан жароҳати олиб, 7 нафари ҳалок бўлган, дея хабар қилди ЎзА.

«Аксарият ҳолларда ёнғин чиқишига эътиборсизлик сабаб бўлади, — дейди вилоят ИИБ ЁХБ бошлиғи, полковник Фарҳод Мирзаев. — Мисол учун, жорий йил 8 август куни Шаҳрисабз тумани Муғилтой қишлоғида яшовчи фуқаро Тиркаш Равшанов (исм-фамилия ўзгартирилган) нинг ҳовлисидаги сомонхонада ёнғин содир бўлиб, сомонхонанинг том қисми ва ичидаги сомон ғарами ёниб кетган. Даҳшатлиси, воқеа жойидан уй эгасининг 7 ёшли набирасининг куйган жасади топилган. Аниқланишича, ёнғин ўша қизалоқнинг сомонхонага кириб, гугурт ўйнаши натижасида содир бўлган».

1 октябрь куни Қарши шаҳар Баланднаво кўчасида яшовчи фуқаро Б.С.нинг уйида ёнғин содир бўлиб, уй ичи ва том қисмининг 85 квадрат метр майдони ёниб кетган. Ачинарлиси, ёнғин сабаб Б.С. куйиш тан жароҳати олган бўлса, турмуш ўртоғи Г. Л. юқори даражадаги куйиш оқибатида вафот этган.

Шу куни тахминан соат 01:45 ларда Қарши шаҳрида яна бир мудҳиш фожиа рўй берган. Наво маҳалласи Янги дарвоза кўчасида яшовчи фуқаро Шотўра Тойқараев (исм-фамилия ўзгартирилган) нинг уйида ёнғин чиқиб, хонадон эгасининг бевақт ўлимига сабаб бўлган. Аниқланишича, мазкур ёнғинга Ш.Тойқараевнинг маст ҳолда сигарет чекиб, ухлаб қолиши сабаб бўлган.

Таҳлилларга кўра, бу каби нохуш ҳолатларнинг 70 фоизи аҳоли турар жойларига тўғри келмоқда ва бунда газ ва электр билан боғлиқ нохуш ҳолатларнинг ҳам хиссаси бор. Жумладан, аҳолининг носоз иситиш қурилмаларидан фойдаланиши оқибатида ис газидан заҳарланиш ҳолатлари ҳам учраб турибди.