Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 4 октябрдаги фармони билан Франция фуқаролари учун Ўзбекистонга киришда визасиз режим жорий этилди. Фармон 5 октябрь куни кучга кирди, дея хабар қилди Давлат туризм қўмитаси матбуот хизмати.

Ҳужжатда қайд этилишича, мазкур қарор маданий, илмий, таълимий алмашувларга хизмат қилувчи, сармоявий муҳитни яхшилаб, мамлакатлар сайёҳлик салоҳиятига ижобий таъсир кўрсатувчи Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш учун қулай шароитларни яратиш мақсадларида қабул қилинди.

Қўмита маълумотларига кўра, 2016 йилда Франциядан Ўзбекистонга 4889 нафар, 2017 йилда — 5748 нафар, 2018 йилнинг биринчи саккиз ойида эса — 9172 нафар сайёҳ ташриф буюрган.

Эслатиб ўтамиз, 8−9 октябрь кунлари Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан Францияда бўлади. Ташриф жараёнида президент Эммануэл Макрон, парламент раҳбарияти, француз компаниялари ва молия институтлари вакиллари, шунингдек ЮНЕСКО бош директори Одри Азуле билан музокаралар ўтказади.