Шаҳрисабзнинг тарихий маркази (Қашқадарё вилояти) ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси рўйхатида қолади. Бу ҳақдаги қарор шу кунларда Манамада (Баҳрайн) бўлиб ўтаётган ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси қўмитасининг 42-сессиясида қабул қилинди. Сессияда Ўзбекистон делегациясига бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов раҳбарлик қилмоқда.

Шаҳрисабз тарихий марказини ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси рўйхатидан чиқариш сессия кун тартибидаги масалалардан бири эди. 2016 йилда Умумжаҳон мероси қўмитаси Истанбулда бўлиб ўтган 40-сессиясида хавф остида турган Шаҳрисабз тарихий марказини Умумжаҳон мероси рўйхатига киритган эди.

«Газета.uz"нинг ҳукуматдаги ахборот манбасининг хабар қилишича, Азиз Абдуҳакимов ўз нутқида сессия иштирокчиларини Шаҳрисабз тарихий марказида олиб борилган ишлар билан таништириб, улар маҳаллий аҳоли ҳаётини яхшилаш мақсадида амалга оширилганини таъкидлаб ўтди.

Қўмита аъзолари Ўзбекистон ҳукуматининг яқинда қабул қилинган «Ўзбекистонда Умумжаҳон мероси объектларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қарори билан ҳам таништирилди. У Умумжаҳон мероси қўмитаси тавсияларини бажаришнинг аниқ муддатлари кўрсатилган «йўл харитаси"ни ҳам ўз ичига олади.

«Йўл харитаси» ЮНЕСКОнинг Тошкентдаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда Умумжаҳон мерос объектлари ҳамда Ўзбекистоннинг тарихий шаҳар ландшафтлари ҳудудларида амалга оширилувчи барча лойиҳалар бўйича дастлабки экспертизалар вазифаларни белгилаб берадиган халқаро консултатив гуруҳни ташкил этишни ҳам кўзда тутади.

Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистон ҳам моддий, ҳам номоддий меросни сақлашни уйғунлаштириш йўлидан бораётганини таъкидлаб ўтди. Жорий йил бошида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳар икки йилда бир марта сентябрь ойининг биринчи декадасида Шаҳрисабз тарихий марказида Мақом санъати бўйича халқаро форум ўтказиш ташаббуси билан чиқди. Мазкур ташаббус ЮНЕСКО ва 2003 йилги Конвенция томонидан расман қўллаб-қувватланди.

Муҳокамалар жараёнида Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистон ҳукумати томонидан мамлакатдаги тарихий объектларни сақлаб қолиш бўйича кўрилаётган чоралар юзасидан қўмита аъзоларининг кўплаб саволларига жавоб қайтарди.

Дебатлар якунлари бўйича қўмита аъзолари ўртасида Шаҳрисабз тарихий марказини ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси Рўйхатида сақлаб қолишни кўзда тутувчи Умумжаҳон мерос қўмитасининг муқобил қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этишга қарор қилинди.

«Қўмита аъзолари якуний қарорга келди ва мазкур ҳужжатни қўллаб-қувватланди. Унда мамлакатимиздаги маданий ёдгорликларни сақлаш соҳасида Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО билан фаол ҳамкорлик қилишига чақириқ ҳам ўрин олган», — деди ахборот манбаси.