Ўзбекистон миллий университети ва ЮНИСЕФ ижтимоий соҳа ходимларини тайёрлаш бўйича дастурни ишга туширди, дея хабар қилди БМТ Болалар жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот хизмати.

«Ўзбекистонда ижтимоий фаолият таълими ва амалиётини такомиллаштириш» дастури Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Нью-Йоркдаги Колумбия университети ҳамкорлигида амалга оширилади.

«Жамиятимиз жавоб чоралари, психолог мутахассислар ва ижтимоий соҳа ходимлари салоҳиятини оширишни талаб қилувчи янги таҳдидлар билан тўқнаш келмоқда, — деди бош вазир ўринбосари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева. — Ижтимоий ҳимояни кучайтириш лозим бўлган асосий соҳалардан бири — ижтимоий фаолият соҳасида профессионалларни ривожлантириш. Биламизки, кўплаб мамлакатларда ижтимоий соҳа ходимлари кўмакка муҳтож оилалар билан ишлайди».

Дастур ижтимоий соҳа ходимлари малакасини ошириш ва аҳолининг заиф қатламларини ҳимоя қилиш учун ижтимоий фаолият соҳасидаги тадқиқотчилар ва амалиётчи мутахассислар билимларини умумлаштиради.