Наманганда Hyundai русумли юк кўтариш сиғими 1 тоннадан 50 тоннагача бўлган юк автомобиллари ва ўлчами 9−12 метрли шаҳар ичида қатновчи, шаҳарлараро ҳамда сайёҳлик русумидаги автобуслар ва махсус транспорт воситалари йиғиш ишлари бажарилади. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

Лойиҳа тақдимоти Evergreen Motors Group компанияси (Корея Республикаси) президенти Ким Чанг Кённинг Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров билан учрашуви доирасида ўтказилди.

Дастлаб, кунига 8−20 ва йилига 1000 та автомобиль ишлаб чиқарилади. Уч йил ичида бу кўрсаткич 3 мингтага етказилади, яъни мингта автобус ва 2 мингта юк машинаси ишлаб чиқарилади. Аввалига эҳтиёт қисмлар Корея Республикасидан келтирилса, маҳаллийлаштириш дастури асосида уч йил мобайнида эҳтиёт қисмларни босқичма-босқич шу ернинг ўзида ишлаб чиқариш ўзлаштирилади.

Лойиҳа ишга туширилиши билан 1000 га яқин иш ўрни яратилса, келажакда бу кўлам 6 мингтага етказилиши режалаштирилмоқда.

Делегация аъзолари автомобиль заводи қурилиши учун тавсия қилинаётган майдонлар ва у ердаги шароитлар билан танишди.

Ўзбекистонда Hyundai автомобилларини серияли ишлаб чиқариш тўғрисидаги келишувга президент Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йил ноябрида Сеулга ташрифи доирасида эришилган эди.