Олий Мажлис Сенати тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисидаги қарор лойиҳасини муҳокама учун эълон қилди.

Ҳужжатда қайд этилишича, тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар (оилавий тадбирлар) миллий маънавиятнинг ажралмас қисми ҳисобланиб, халқнинг узоқ йиллик қадриятлари ва анъаналарини ўзида акс эттиради. Бироқ, кейинги пайтларда оилавий тадбирларни ўтказишда шуҳратпарастлик, исрофгарчиликка йўл қўйиш, ўзини кўз-кўз қилиш, бошқаларнинг ижтимоий аҳволини инобатга олмаслик, халқнинг урф-одатлари ва анъаналарини менсимаслик каби иллатлар кўзга ташланмоқда.

Ҳужжатда тўй-ҳашамларни соат 10:00 дан 23:00 гача, ош бериш маросимларини соат 12:00 дан 15:00 гача ўтказиш, соат 23:00 дан кейин оилавий тадбирларни давом эттиришга йўл қўймаслик таклиф қилинган. Унга кўра, тўй-ҳашамларда 150 нафаргача, ош бериш маросимларида 200 нафаргача киши қатнашади. Дафн этиш ва мотам маросимларида чекланмаган миқдорда фуқаролар иштирок этиши мумкин, ош бериш маросимлари бундан мустасно.

Никоҳни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда келин-куёвнинг тўйхонага келиши ва кетиши билан боғлиқ оилавий тадбирларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш нуқтаи назаридан 2 тадан кўп бўлмаган енгил автомашинадан фойдаланиш лозим. Оилавий тадбирларда пуллик автотранспорт хизмати фақат лицензияга эга бўлган ташувчилар томонидан кўрсатилиши белгиланиши мумкин.

Лойиҳада миллий урф-одат ва анъаналарни менсимаслик, шуҳратпарастлик, дабдабабозлик, исрофгарчилик ҳолатларига йўл қўймаслик келтириб ўтилган.

Тўйхона, кафе ва ресторанларда 50 киши ва ундан ортиқ шахслар иштирокида ўтказиладиган оилавий тадбирлар учун тадбир ўтказувчи шахс ва тўйхона, кафе ва ресторан раҳбари ўртасида шартнома тузилади. Шартномада томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, иш ҳамда хизмат тури, тўлов, харажатлар миқдори, тадбир иштирокчилари сони, муддати ҳамда амалдаги қонунчиликда белгиланган бошқа талаблар кўрсатилади.

Миллий анъаналарга ёт бўлган, ортиқча вақт ва харажат талаб қиладиган оилавий тадбирлардан олдинги, тадбир вақтидаги ва кейинги қўшимча, яъни «танишув», «сеп ёйди», «қуда таниш», «ота кўрди», «ота келди», «чарлари», «қуда чақирди», «куёв чақирди», «келин чақирди», «куёв навкари», «келин навкари», «келин салом», «тоғора юбориш» ва шу каби бошқа тадбирларни ўтказиш ман этилади. Шунингдек, «пул қистириш», «пул сочиш», одобсиз шоулар, «севги тарихи» («Love story») каби ахлоқ-одобга зид бўлган бошқа ҳолатларга йўл қўйилмайди.

Қарор лойиҳаси билан қуйидаги ҳавола орқали танишиш мумкин