14 март куни Ўзбекистон томони ички давлат протседураларини якунлади — Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 9 март куни Душанбе шаҳрида имзоланган Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларининг ўзаро келиб кетишлари тўғрисидаги ҳукуматлараро битимни тасдиқлади, дея хабар қилди ТИВ матбуот хизмати.

Наврўз арафасида икки мамлакат аҳолисига қулай шарт-шароит яратиш мақсадида Тожикистон фуқароларига ушбу Битимни расман кучга киришига қадар вақтинчалик қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинди.

16 мартдан эътиборан Тожикистон фуқаролари амалдаги сафар ҳужжатлари (дипломатик, хизмат ва хорижга чиқиш умумий фуқаролик паспорти) билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида визасиз (30 кунгача) бўлишлари мумкин.

Битимнинг кучга кириш санаси ва Ўзбекистон фуқароларининг Тожикистонда бўлишига нисбатан қўлланиши тўғрисидаги маълумот қўшимча тарзда эълон қилинади.