Тошкентда Hyundai автомобилини 96 км/с тезликда ҳайдаб келаётган 26 ёшли ҳайдовчи жаримага тортилди. Бу ҳақда Тошкент ИИББ ЙҲХБ сайтида хабар қилинди. Йўл-патрул хизмати ходимлари қоидабузарликни Юнусобод тумани Абдулла Қодирий кўчасида қайд этишди.

Ўтган ҳафта давомида (5−11 март кунлари) ЙҲХБ ходимлари томонидан жами 17901 та қоидабузарлик аниқланди. Булардан, қўпол қоидабузарлик — 4895 та, маст ҳолда транспорт воситасини бошқариш — 169 та, светофорнинг қизил чироғига бўйсунмаслик — 262 та, белгиланган тезликни ошириш бўйича 1410 та ҳолат аниқланиб, ҳуқуқбузарларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.

Ҳаракат хавфсизлигининг компьютерлаштирилган бошқарув тизими томонидан ҳафта мобайнида 3408 та йўл ҳаракати қоидабузарлиги аниқланган бўлиб, шундан 1836 таси светофорнинг тақиқловчи ишорасига бўйсунмаслик, 1572 таси белгиланган тезликни меъёридан ошириш билан боғлиқ.