Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди Суриядаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиб, Россияда теракт уюштиришга тайёргарлик кўрган Абдулбосид Аҳмаджоновни 15 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш тўғрисида қарор қабул қилди.

«Ўзбекистон 24» телеканали «Ахборот 24» дастурининг хабар қилишича, Аҳмаджонов (1996 йилда туғилган) 16 ёшида отаси билан Марғилондан Туркияга ишлаш учун боради. Истанбулда у Билол исмли шахс билан танишади. Аниқланишича, Абу Умар лақаби билан танилган бу шахс ёшларни Сурияга жўнатиш билан шуғулланиб келган.

Орадан бир қанча вақт ўтганидан сўнг Аҳмаджонов Сурияда фаолият кўрсатаётган «Тавҳид ва Жиҳод» террористик гуруҳи аъзосига айланади.

2016 йил январида Аҳмаджонов Сурияга отланиб, у ерда ҳарбий тайёргарликдан ўтади ва ҳукумат қўшинларига қарши жангларда иштирок этади.

«Бизга мусулмонлар мусулмонларга ёрдам бериши керак, дейишди. Мен у ерга борганимда, ифлос, ҳар хил касалликларни кўрдим, мусулмонларга ҳеч ҳам ёрдам бермайди. Бошқа мусулмонларни қутқараман, деб ўз ёнидаги мусулмонларга зиён беради. Касаллик юққан бир-бирига. Аёлларни қийнашган, бир-бирларига пулга сотади аёлларни», — дейди 22 ёшли Абдулбосид Аҳмаджонов.

Кейинчалик у «Кавказ иморати» террористик ташкилотига ўтади ва жанговар ҳаракатларда қатнашишда давом этади. Террористлар Сурияда мағлубиятга учрашни бошлаганда Аҳмаджонов Туркияга қайтишга қарор қилади ва Билолдан ёрдам сўрайди. Абу Умар бўлса ёрдам эвазига Россияда теракт содир этишга кўмак беришини сўраб, 15 минг доллар тўлашга ҳам ваъда беради.

Абдулбосид қўлбола портловчи ускуна тайёрлаш курсини ўтайди. Шундан сўнг Россияга отланиб, теракт ижрочиларига қўшилиши керак эди, аммо Туркиянинг Хатай шаҳрида қўлга олинади.

Видео