5−15 март кунлари ички ишлар органлари томонидан республика миқёсида қурол-яроғ ва хавфли моддалар ноқонуний муомаласининг олдини олишга қаратилган махсус тадбир ўтказилмоқда, дея хабар қилди ИИВ матбуот хизмати.

Фуқаро ўқотар қуролни, ўқ-дориларни, портловчи моддалар ва портлатиш қурилмаларини эркин тарзда ўз ихтиёри билан топшириш тўғрисида қарорга келса ва унинг ўзи ушбу ашёларни топшириш ҳақида ички ишлар органларига ёзма ёки оғзаки равишда мурожаат қилса, у ашёларни ўз ихтиёри билан топширган ҳисобланади.

ИИВ эслатиб ўтади: тегишли рухсатномасиз ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларига қонунга хилоф равишда эгалик қилиш Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 248-моддаси билан назарда тутилган жиноий жавобгарликка тортилишига сабаб бўлади.

Ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ва портлатиш қурилмаларини ўз ихтиёри билан топширган фуқаро жавобгарликдан озод қилинади.