Шу йилнинг 8−18 февраль кунлари «Газета.uz» мухбири Санжар Рустамов АҚШ Давлат департаменти томонидан молиялаштирилган «Медиа ко» дастури доирасида Америкада бўлиб, АҚШ таълим тизими, таълимдаги инновациялар, тажрибалар билан яқиндан танишиб, мутасаддилар, Америкада таҳсил олаётган ва илмий изланишлар олиб бораётган ўзбекистонликлар билан учрашиб, улар билан суҳбатлашди.

Қуйида Массачусетс штати олий таълим комиссари Карлос Сантьяго билан суҳбат эътиборингизга ҳавола этилмоқда. Суҳбат АҚШ таълим тизими, хусусий ва давлат университетларининг фарқли жиҳатлари, таълим тизимини бошқаришга бағишланган илк интервью айнан университетлар фаолиятини мувофиқлаштириш, бошқаришга бағишланади.

Умумий маълумот

АҚШда таълим 3 қисмга бўлинади: бошланғич, ўрта ва олий таълим. Улар ҳам ўз навбатида иккига бўлинади: давлат ва хусусий таълим муассасалари. Массачусетс штати Олий таълим департаменти айнан давлат таълим муассасаларини бошқариш, таълим тизими учун стратегик режалар тузишда ёрдам беради.

Штатда жами 29 та давлат таълим муассасаси мавжуд бўлиб (мактаблар бунга кирмайди), уларнинг 15 таси коммунити коллежи, 9 таси давлат университети ва 5 таси тадқиқот институти ҳисобланади.

Массачусетсда АҚШдаги энг йирик ва кучли университетлар жойлашган бўлиб, Американинг таълим пойтахти ҳисобланади. Массачусетс штатининг боғча таълимидан 12 ёшгача бўлган таълими нафақат АҚШ, балки бутун дунёдаги энг яхши таълим тизимларидан бири ҳисобланади. Нима учун шундай, десак, географик жиҳатдан Массачусетс Америка тарихида биринчи бўлиб кашф этилган штатлардан бири ҳисобланади. Американинг мамлакат сифатида тараққий этиши шу штатдан бошланган. Штатда ҳар доим илм-фанни жуда қадрли деб билишган.

Хусусий университетми ёки давлат?

Массачусетс штати асосан хусусий таълими билан бутун дунёга машҳур. Массачусетс технологиялар институти, Ҳарвард университети — хусусий ОТМлардир. Давлат таълимини унчалик машҳур деб бўлмайди. Бироқ штатда ҳам хусусий, ҳам давлат таълим муассасалари кучли ҳисобланади. Массачусетсликларнинг кўпчилиги эса давлат таълим муассасаларига боришни қулай деб ҳисоблашади. Чунки уларда ўқиш нисбатан арзонга тушади. Шу боис давлат олий таълим муассасаларида 250 мингдан ошиқ талабалар таҳсил олмоқда.

Хусусий институтларни эса кўпроқ глобал таълим муассасалари деб атаймиз. Чунки хусусий университетларга асосан халқаро талабалар ўқиш учун келади.

Тўлов миқдори қанча?

Хусусий ва давлат университетларида ўқиш учун тўлов миқдорида катта фарқ бор. 30 минг доллар эвазига давлат университетида олий таълим даражасини олса бўлади. Бу сумма хусусий университетларда бир йиллик ўқиш пули бўлиши ҳам мумкин. Баъзиларида ҳатто бир йил учун 50 минг доллар тўлашади. Хусусий университетлар жуда ҳам қиммат.

Шу боисдан ҳукумат ҳозирда махсус дастур ишлаб чиқмоқда. Унга кўра коммунити коллежларида ўқиган талабалар олий таълим муассасаларида бепул ўқишлари мумкин. Бу молиявий кўмак дастури орқали амалга оширилади.

Университетлар қандай бошқарилади?

Массачусетс таълим тизими марказлашмаган. Нью-Йорк, Висконсин штатларида бир неча таълим муассасалари фаолияти битта кенгаш томонидан мувофиқлаштирилади. Бизнинг штатда эса 29 та кампус (таълим муассасаси) бўлса, 25 та кенгаш фаолият кўрсатади. Деярли барча университетлар ўз бошқарув кенгашига эга. Ҳар бирининг ўз стратегик мақсадлари мавжуд.

Таълимда инновацион лойиҳалар

Штатдаги ўрта таълим тизимида икки йил таҳсил олган талаба ўз соҳасидаги исталган университетга тўғридан-тўғри киришини кўзда тутган тизим жорий этилмоқда. СТЕМ таълими — аниқ фанлар, технология, инженеринг ва математикани ўқитишни юқори мактаб (High school) даражасида жорий этмоқдамиз. Коллежда таҳсил олаётган талабалар СТЕМ бўйича таълим олишни бошламоқда. Штат бу борада махсус қонун ҳам қабул қилган.


Карлос Сантьяго. Фото: Санжар Рустамов.

Ҳисоб-китобларга кўра, 2035 йилгача Массачусетсда таълим оладиган талабалар сони камайиб боради. Бунга штатда туғилиш даражасининг пастлиги сабаб бўлади. Келаси 10 йилда 600 минг нафар катта ёшли фуқаролар нафақага чиқади. Бу уларнинг иш ўринлари бўшайди дегани. Уларнинг ўрнини банд қиладиганлар керак. Улар оддий кадрлар эмас, балки олий таълимни олган мутахассислардир. Галдаги вазифа уларнинг ўрнига муносиб кадрларни танлашдан иборат бўлиб қолмоқда. Штатда шундай коммунитилар (жамоалар) борки, таълим бўйича уларга эътибор камроқ қаратилган. Эндиликда эътибор кам қаратилган қатламлар вакилларини коллежлар ва олий таълим муассасаларига жалб қилиш режалаштирилмоқда.

Умумий ва ихтисослашган таълим

Америка таълим тизимида иккита йўналиш мавжуд. Биринчиси умумий таълим. Умумий таълим барча соҳалар, иқтисод, дин, сиёсат, тарих ва бошқаларни ўз ичига олади. Иккинчиси эса «мейжер» деб номланиб, маълум бир ихтисослик бўйича таълим олишга қаратилади. Барча университетларда ҳам умумий, ҳам мейжер таълим йўлга қўйилган. Баъзи университетлар бошидан ихтисослашади.

Масалан, ҳарбий, ҳарбий денгизчилик университетлари ёки Массачусетс санъат ва дизайн коллежи ихтисослашган таълим муассасаси ҳисобланади. Кўпчилиги ҳам умумий таълим бериб, талаба қайсидир соҳани танласа, ўша йўналишда таълим берса, баъзилари фақат ихтисослашган йўналишда таълим беради.

Таълимда коррупция

Коммунити коллежларимизга ким хоҳласа бора олади. Қаерга боришни талабанинг ўзи танлайди. Университетлар давлат коллежидаги тест баҳоларига қараб талабаларни ўқишга қабул қилиши мумкин. Бошқа омиллар бўйича ҳам қабул қилиши мумкин. Масалан, университет кампусдаги талабаларнинг турли хил жойлардан келишини хоҳласа, бу ҳам бир омил бўлиши мумкин. Умуман олганда, ўқишга қабул жараёни жуда очиқ ва шаффофдир. Биз талабалар ўқишга киришида бирор коррупцион ҳолатларни кўрмаймиз.

Ишга жойлашиш

Массачусетс штатида таълим соҳаси учинчи йирик саноат ҳисобланади. Штат ҳар доим ақл, ёки мияларга суянади. Иқтисод жиддий суръатларда ўсиб бормоқда. Шунинг учун ҳам ақлли одамлар, бизнес учун зарур мутахассисларга эҳтиёж ортиб бормоқда. Мисол учун, бизнинг штатда компьютер соҳасини тамомлаётган талабани 17 та иш жойи кутиб турган бўлади.

Қаерга ишга киришни эса асосан талабанинг ўзи ҳал қилади. Давлат университетларининг жуда кўплари йирик компания, иш берувчилар билан талабаларнинг амалиёт ўташлари бўйича шартнома имзолайди. Агар уларга амалиёт жараёнида иш жойи ёқса, ўша жойда қолишлари мумкин. Лекин бу талабанинг ўзига боғлиқ. Мажбур эмас. Бизнинг вазифамиз эса талабага қаерда иш жойлари бўлса, ўша ҳақда ахборот беришдан иборат. Масалан фалон жойда бунча ойлик берилади, деб талабани хабардор қилишимиз мумкин. Биз талабаларга иш бўйича бераётган маълумотларимиз бошқа маълумотларга қараганда энг муҳимидир.

Хусусий ёки давлат университети битирувчиси эканига қараладими?

Университетга киргунча қайси турдаги коллежда ўқиганликнинг иш берувчи учун аҳамияти бўлмаслиги мумкин. Лекин олий таълимда бунинг аҳамияти бўлиши мумкин. Чунки хусусий таълим даргоҳлари таълим сифати бўйича анча илгарилаб кетган. Лекин менинг шахсий фикрим: қаерда олий таълим олганингизнинг фарқи йўқ.