Ўзбекистонда фуқароларнинг конституцион ҳуқуқларини кафолатлаш мақсадида паспорт тизими қоидаларини соддалаштириш режалаштирилмоқда. Бу муҳокама учун эълон қилинган 2017−2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили"да амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳасида кўзда тутилган. Паспорт тизимини соддалаштириш ҳақидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар 20 мартгача ишлаб чиқилиши лозим.

Ҳужжат билан, жумладан паспорт олиш, таълим олиш, меҳнат қилиш ва бошқа конституциявий ҳуқуқларни амалга оширишда прописка билан боғлиқ чекловлар бартараф қилинади.

Мавсумий ишларга жалб қилинганларни вақтинчалик рўйхатга олиш тизими соддалаштирилади, улар учун уй-жой ижараси, уй-жойдан текин фойдаланиш битимини тузиш талаби бекор қилинади.

Фуқароларнинг ўз турар жойларида паспортсиз, пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмаган шахслар яшаб туришига йўл қўйганлик учун жавобгарлик енгиллаштирилиши белгиланган.

Лойиҳаларда вақтинча ёки доимий пропискасиз фуқароларни ишга қабул қилишни рад этиш билан боғлиқ амалиётга барҳам бериш назарда тутилади.

Ҳужжатлар лойиҳалари 1 апрелга қадар тайёрланиши лозим. Қайд этилишича, бу каби чоралар фуқароларни доимий ва вақтинча рўйхатга қўйиш (ҳисобга олиш) тартибини соддалаштириш, уларнинг мамлакат ҳудудида эркин ҳаракатланиш ҳамда меҳнат қилиш ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда.