Ўзбекистон ТИВ ҳузуридаги «Жаҳон» Ахборот агентлиги Сайфулло Соипов тўғрисида батафсил маълумотларни тақдим этди. 29 ёшли Ўзбекистон фуқароси 31 октябрь куни Нью-Йоркда теракт содир этганликда гумон қилинмоқда. «Ўзбекистон Республикасининг ваколатли органлари мазкур гумонни тасдиқлайди», — дейилади хабарда.

Соипов Сайфулла Хабибулаевич 1988 йил 8 февралда Тошкентда туғилган. 2005 йилда касб-ҳунар коллежини тамомлаган, 2005—2009 йилларда Тошкент молия институтида таълим олган. ОТМни тамомлаганидан сўнг пойтахтдаги «Саёҳат» меҳмонхонасида бухгалтер лавозимида ишлаган. АҚШга кетгунига қадар жиноий жавобгарликка тортилмаган ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари эътиборига тушмаган.

2010 йилда Соипов грин-карта лотореясини ютиб олади ва шу йилнинг ўзида АҚШга кетади. Сўнгги бир неча йил давомида у АҚШда вақтинча яшаб келаётган Ўзбекистон фуқароси бўлган аёл билан шаръий никоҳда бўлган. Ўтган вақт ичида Соипов бирор марта Ўзбекистонга келмаган ва Тошкентда яшаётган ота-онаси билан учрашмаган.

АҚШда бўлиб турган вақтда Соипов Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналарида консуллик рўйхатида турмаган.

«Маҳалласидаги қўшнилари Сайфулло Соиповга жуда ижобий тавсиф беришди: уларнинг сўзларига кўра, у ҳеч қандай шубҳа уйғотмаган, ҳар доим ўзини вазмин, бошқаларга нисбатан дўстона тутган. Рисоладаги оилада тарбия топган. Унинг ота-онаси анъанавий исломга эътиқод қилишган ва ҳеч қачон қандайдир экстремистик оқимлар билан алоқа қилишгани сезилмаган», — дейилади хабарда.

«Сайфулло Соипов АҚШга борганидан сўнг одамови бўлиб қолган, радикал гуруҳлар таъсирига тушган. Бу ҳақда Америка ОАВлари ҳам уни таниган одамларга таяниб хабар қилмоқда», — дея қайд этилади хабарда.