«Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси 5 сентябрдан Ўзбекистондан барча йўналишлар бўйича ўз рейсларига авиачипталарни миллий валютада сотишни бошлади.

Ўзбекистон ҳудудида авиачипталарни сотиш барча тоифадаги йўловчилар — резидентлар ва норезидентлар учун миллий валютада амалга оширилади, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 2013 йил июлидан Миллий авиакомпания Ўзбекистондан Россия шаҳарларига амалга оширилувчи рейсларига мамлакат фуқаролари учун хорижий валютада сотишни йўлга қўйган эди. Чет эл фуқаролари учун эса барча йўналишларга фақатгина хорижий валютада сотилган.

Батафсил маълумот олиш учун МАКнинг авиачипталар сотиш бўйича расмий идоралари ёки 140−02−00 рақамларига қўнғироқ қилиш мумкин.

2 сентябрь куни Ўзбекистон Президенти «Валюта сиёсатини эркинлаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармонини имзолади. Унга кўра 5 сентябрдан бошлаб маҳсулотлар, ишлар ва хизматлар учун нарх ва тарифлар фақатгина миллий валютада белгиланади.