Тошкент вилоятидаги Ангрен шаҳри, шунингдек Оҳангарон ва Янгийўл туманларига янги ҳокимлар тайинланди, деб хабар қилди пойтахт вилояти ҳокимияти матбуот хизмати «Газета.uz"га.

2007 йилдан буён Ўзбекистон фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари бўлиб ишлаб келган Ҳакимжон Абдулазизов Ангрен ҳокими бўлди.

Бунга қадар Мудофаа вазирлиги бўлим бошлиғи бўлган Одилжон Жўраев Оҳангарон туман ҳоким лавозимига тайинланди.

Аввал Навоий вилояти прокурори вазифасини бажарувчи сифатида фаолият кўрсатган, 2012—2015 йилларда Тошкентнинг Мирзо Улуғбек тумани прокурори бўлган Абдуқаҳҳор Тўхтабоев эса Янгийўл туманига ҳоким этиб тайинланди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта охирида Тошкент вилоятига ташриф буюрган Президент Шавкат Мирзиёев Ангрен ҳокими Иброҳимжон Раҳмонов, Оҳангарон тумани ҳокими Рустам Убайдуллаев ва бир қатор давлат органлари раҳбарларини лавозимидан озод қилишни таклиф этган эди.