2016 йилда ташкил этилган «Ўзагроэкспорт» ихтисослашган ташқи савдо компаниясининг янги мева-сабзавот маҳсулотларини ташқи бозорга етказиб беришдаги монополияси бекор қилинди. Бу Президент Шавкат Мирзиёевнинг 21 июндаги «Маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларни янада қўллаб-қувватлаш ва ташқи иқтисодий фаолиятни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида кўзда тутилган.

1 июлдан бошлаб барча тадбиркорлик субъектларига янги мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотлари ҳақини олдиндан 100 фоиз тўлаш шарти билан тўғридан-тўғри шартномалар асосида экспорт қилишга рухсат этилади.

Қарорга берилган расмий шарҳда келтирилишича, мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти соҳасидаги фаолият таҳлили фойдаланилмаётган катта салоҳият сақланиб қолинаётганлиги ва мева-сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари экспорт фаолиятида кенг кўламда иштирок этишлари учун бюрократик тўсиқ мавжудлигини кўрсатмоқда.

Ушбу чоралар мева-сабзавот маҳсулотларининг экспортини кенгайтириш билан биргаликда деҳқон ва фермер хўжаликларини ташқи бозорларда талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, ер ресурсларидан самарали фойдаланиш, шу жумладан, такрорий экинлар экиш ҳисобига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳосилдорлигини оширишга рағбатлантиради.

Шу билан бирга, маҳаллий мева-сабзавот маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқариш учун чет элда қабул қилинган меъёр ва стандартларга маҳсулотларнинг мувофиқлигини таъминлаш бўйича тизимли ишларни амалга ошириш талаб этилади. Шу мақсадда Президент қарори билан Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига бир ой муддатда миллий қонунчилик ҳужжатларига халқаро карантин қоидаларини татбиқ этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш топширилди.

Қарор билан нафақат маҳсулот ишлаб чиқарувчиларга, балки маҳсулотларни чет элга экспорт қилишда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга кўмаклашадиган ташқи савдо ташкилотларига ҳам экспорт фаолиятини амалга оширишда тенг шароитлар яратилди. Бундан ташқари, ишлаб чиқарувчи-экспорт қилувчилар учун қўлланиладиган амалдаги қонунчиликда кўзда тутилган имтиёз ва қулайликлар эндиликда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари экспорти билан шуғулланадиган барча тадбиркорлик субъектларига татбиқ этилади. Бу экспорт билан тегишли тажриба ва зарур маблағларга эга, доимий равишда жаҳон бозори конъюнктурасини кузатиб борадиган ҳамда ташқи бозорларда ишончли ҳамкорлари бор ихтисослашган компанияларнинг маҳсулотлар экспорти билан шуғулланиши халқаро амалиётга тўлиқ мос келади.

Бундан ташқари, ушбу меъёрнинг татбиқ этилиши замонавий маркетинг усулларидан, шунингдек, ташқи савдо компанияларининг имконият ва афзалликларидан максимал фойдаланиш имконини беради, бу ўз навбатида республикамиз экспорт салоҳиятини сезиларли даражада кучайтиришга, экспорт географияси ва маҳсулотлар экспорти номенклатурасини кенгайтиришга олиб келади.

Шунингдек, ҳужжатда ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширадиган тадбиркорлик субъектларининг рухсат олиш тартибидан ўтишдаги, шу жумладан, маҳсулотларга мувофиқлик сертификатларини расмийлаштириш муддатларининг чўзилиб кетиши каби айрим қийинчиликлар юзасидан кўплаб давлат органларига мурожаатларнинг ечими ўз аксини топган. Ўзбекистон Президентининг қарори билан бундан буён сертификатлаш идоралари томонидан ишлаб чиқариладиган ва четдан олиб кириладиган маҳсулотларга мувофиқлик сертификатлари 3 иш кунидан кўп бўлмаган муддатда расмийлаштирилиши қатъий белгилаб қўйилган.

Шу билан бирга, қарорда ташқи бозорлардаги ноқулай конъюнктура шароитида ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотларни таннархидан паст нархда экспорт қилишга мажбур бўлган корхоналар учун солиқ юкини камайтириш чораси назарда тутилган. Шундай қилиб, Махсус эксперт комиссиясининг хулосалари асосида таннархидан паст нархларда экспорт қилинган товарлардан (иш, хизмат) тушум уларнинг амалдаги сотув нархларидан келиб чиққан ҳолда солиққа тортилади, бу ишлаб чиқарувчига солиқдан озод бўлган маблағлар ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг таннархини янада пасайтириш бўйича чораларни амалга ошириш имконини беради.