ЕИ Кенгаши раҳбари Дональд Туск қайта сайланди

Дональд Туск Европа Кенгаши раислигида қолди. У икки ярим йил давомида давлатлар ва ҳукуматлар раҳбарлари ўрин олган ЕИ олий сиёсий органини бошқаради. Брюсселда бўлиб ўтган сайловда Туск номзоди учун 27 раҳбар овоз берди, бир киши қарши бўлди. Польша Саммитга собиқ бош вазирини сайламасликни тавсия қилиб, уни давлатнинг ички сиёсатига аралашаётганликда айблади. // Euronews

Жанубий Корея Конституцион суди Президент Пак Кин Ҳе импичментини тасдиқлади

Жанубий Корея Конституцион суди Президент Пак Кин Ҳе импичментини тасдиқлади. Бу ҳақда КС аъзолари овозлари якуни бўйича эълон қилинган вердиктда сўз боради. Шундай қилиб, 10 март унинг давлат раҳбари лавозимидаги сўнгги куни бўлди. Пак Кин Ҳе президент даҳлсизлигидан маҳрум қилинади ва Сеул марказидаги «Мовий уй» давлат резиденциясини тарк этиши лозим. Бироқ номзодларнинг йўқлиги сабабли буни қачон амалга ошириши номаълум бўлиб турибди. Янги президент лавозимига муддатидан олдин сайлов, қонунга кўра, келгуси 60 кун ичида, аниқроғи — 9 май куни бўлиб ўтади. // ТАСС

Александр Лукашенко «текинхўрлар» тўғрисидаги декретни бекор қилди

Беларусь Президенти Александр Лукашенко «текинхўрлар тўғрисида» деб номланувчи декретни бекор қилди. Унга кўра, ишламайдиганлар ёки 183 кундан кам ишлаган мамлакат фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар 200 долларга яқинроқ ёки энг кам ойлик иш ҳақининг икки баробари миқдорида солиқ тўлаши лозим эди. Мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши беларусликлар ва ушбу тоифадаги кишиларнинг норозиликларига сабаб бўлган эди. // Euronews

Эҳтиёжманд италиялик оилаларга ойига 480 евро тўланади

Италия парламенти Юқори палатаси пайшанба куни мутлақ камбағаллик ҳолатидаги аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги қонун лойиҳасини тасдиқлади. Эҳтиёжманд италиан оилаларига ҳар ойда 480 евродан маблағ тўлаб борилади. Италия ҳукумати ЕИнинг 2 млрдгача ресурсларини ҳисобга олган ҳолда 2 млн кишига ёрдам бериш кўзда тутилган мақсад учун жорий ва келгуси йилда 1,6 ва 1,8 млрд доллар ажратади. «Мутлақ камбағаллик» деганда энг зарур маҳсулот ва хизматлар учун ҳам маблағи йўқ бўлган кишилар назарда тутилган. Бунда ота-она ҳам ишлаётган, бироқ жами даромад камбағаллик чегарасидан ўтишга имкон бермайдиган оилаларга ҳам кўмак берилади. Бундан ташқари, пенсияолди ёшдаги ишсизлар, ногиронлар яшовчи оилалар ёки ҳомиладор аёллар ҳам ҳар ойлик нафақани олишлари мумкин. Ёрдам учун мурожаат қилишда эса бир қатор талаблар мавжуд. Масалан, иш излаб расман ариза топширган бўлиши, болалар мактабга қатнаши лозим. //РИА Новости

Хитойда пандалар учун боғ қурилаётгани муносабати билан 172 минг киши кўчирилади

Хитойнинг Синчуань провинцияси ҳукумати пандалар учун миллий боғ қурилиши муносабати билан 172,2 минг кишини кўчиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Синьхуа агентлиги хабар қилди. боғнинг майдони 27,1 минг квадрат километрни ташкил этади. Режа доирасида еттита шаҳар ва шаҳар округи ҳамда 19 та уезд аҳолиси кўчирилади. Аввалроқ Хито 2025 йилга қадар ёввойи табиатдаги пандалар популяциясини тахминан 18 фоизга — 2200 бошга қадар оширишни режалаштираётгани хабар қилинган эди. Айни пайтда ХХРда 1864 бош панда табиий муҳитда, яна 471 боши кўпайтириш бўйича махсус марказларда яшамоқда. // РИА Новости