6:00 да бутун Ўзбекистон бўйлаб Президент сайлови бўйича сайлов участкалари очилди. Уларнинг жами сони — 9383 та. Овоз бериш 20:00 га қадар давом этади. Хорижда 44 та участка фаолият кўрсатади.

Анъанага кўра, сайлов участкалари иши Ўзбекистон давлат мадҳияси ижроси билан бошланди. Овоз бериш бўлиб ўтадиган бинолар қаршисида куй-қўшиқлар ижро этилмоқда, одамларнинг кайфияти кўтаринки.

Тошкентдаги 483-сайлов участкаси.

Илк сайловчилар ҳали участкалар очилмасиданоқ ташриф буюрди. «Ҳамма биринчи бўлиб овоз беришни хоҳламоқда», — дейди Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманидаги 95-участка вакилларидан бири «Газета.uz"га.

6:02 да пойтахтнинг Катта Чилонзор туманидаги 483-сайлов участкасида биринчи сайловчи — Надежда Колесникова ташриф буюрди. Бу ерда овоз берган биринчи уч сайловчи нафақахўрлар бўлиб чиқди.

Тошкентдаги 483-сайлов участкаси.

«Бугун бир қанча ишларни режалаштирганман. Шу сабабли овоз беришга эртароқ ташриф буюрдим», — деди сайловчи. У сайловларда ҳар доим ҳам қатнашавермаганини тан олди. «Ушбу сайлов барчамиз учун муҳим, шу сабабдан мен ҳам келмасам бўлмас эди», — қайд этди у.

Барча участкаларда тиббиёт кабинетлари, она ва бола хоналари, китоб жавонлари фаолият кўрсатмоқда.

20 миллиондан зиёд сайловчилар рўйхатга олинган.

Тошкентдаги 95-сайлов участкасида сиёсий партиялар кузатувчилари.

Сайловда тўрт номзод иштирок этмоқда:

  • Сарвар Отамуратов («Миллий тикланиш» Демократик партияси);
  • Шавкат Мирзиёев (Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Либерал-демократик партияси);
  • Хатамжон Кетмонов (Халқ демократик партияси);
  • Наримон Умаров («Адолат» Социал-демократик партияси).

Тошкентдаги 95-сайлов участкаси.