5 ноябрь куни Ўзбекистон халқ шоири, давлат ва жамоат арбоби, мамлакат мадҳияси муаллифи Абдулла Орипов 76 ёшида вафот этди. Бу ҳақда шоир Хуршид Даврон Facebook`даги саҳифасида хабар қилди.

Абдулла Орипов тонгги 5:45 да Хьюстондаги (АҚШ, Техас штати) шифохонада ҳаётдан кўз юмди. У 3 ноябрь куни кечқурун кома ҳолатига тушиб қолган эди.

Шоир қизи Мавлуда Орипова истиқомат қиладиган Хьюстонга икки ой муқаддам борган эди. Ўтган йили эса худди шу шифохонада даволанган.

ZiyoNET сайти маълумотига кўра, Абдулла Орипов 1963 йилда университетни аъло баҳоларга тамомлаб, «Ёш гвардия» нашриётида муҳаррир, ўнгра Ғафур Ғулом номидаги нашриёт муҳаррири, бош муҳаррир, «Шарқ юлдузи» журналида бўлим бошлиғи лавозимларида фаолият кўрсатган.

1976 йилдан 1982 йилгача Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи, сўнгра — Тошкент вилоят бўлими котиби (1982−1983), «Гулхан» журнали бош муҳаррири (1983−1985), 1985 йилдан — Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси котиби, 1996 йилдан 2009 йилгача — раис вазифасида фаолият кўрсатди. 1988 йилда Ўзбекистон Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси сифатида тайинланди.

Абдулла Орипов 1998 йилда Ўзбекистон Қаҳрамони унвони билан тақдирланди.

Абдулла Ориповнинг ижоди талабалик йилларида бошланган бўлиб, унинг биринчи шеърлар тўплами «Митти юлдуз» 1965 йили чоп этилган. Кейин шоирнинг «Кўзларим йўлингда» (1967), «Онажон» (1969), «Руҳим» (1971), «Ўзбекистон», «Қасида» (1972), «Хотирот» (1974), «Юртим шамоли» (1974), «Ҳайрат» (1979), «Нажот қалъаси» (1981), «Йиллар армони» (1983) шеърий тўпламлари босилиб чиқди.

Абдулла Орипов «Жаннатга йўл» (1978), «Табиб ва ўлим» (1980), «Соҳибқирон», асарлари муаллифидир. 2000−2001 йилларда Абдулла Ориповнинг тўрт томлик «Танланган асарлар"и нашрдан чиқди.

Абдулла Орипов — Олий Кенгашнинг 1992 йил 10 декабрдаги 11-сессиясида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси муаллифи.

Шоир Дантенинг «Илоҳий комедия"си, Некрасов, Шевченко, Кулиев ва кўплаб муаллифларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган.