Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтган XXXI ёзги Олимпия ўйинлари Ўзбекистон учун мустақиллик йилларидаги энг муваффақиятлиси бўлди.

13 медални қўлга киритган республика 207 давлат ичида жами медаллар ҳисоби бўйича 21- ўринни банд этган бўлса, Марказий Осиёда биринчи, МДҲ давлатлари ичида иккинчи ва Осиёда тўртинчи поғонани эгаллади.

Бокс бўйича Ўзбекистон термаси дунёнинг энг кучли жамоаси сифатидаги ўрнини мустаҳкамлаб, медаллар ҳисоби бўйича биринчи ўринни қўлга киритди. Ўзбекистон номидан иштирок этган 10 нафар боксчининг етти нафари совриндорлар қаторидан жой олди.

Оғир атлетикачи Руслан Нуриддинов силтаб кўтаришда 237 кг (умумий натижа — 431 кг) билан Олимпия рекордини ўрнатди.

«Газета.uz» кўп сонли қутловларга қўшилган ҳолда Ўзбекистон термасини Олимпия-2016 ўйинларидаги муваффақиятли иштироки билан табриклайди.