Beeline операторининг Ўзбекистондаги абонентлари сони жорий йил биринчи чораги якунларига кўра 9,5 миллионни ташкил этди, дейилади «ВымпелКом» гуруҳи ҳисоботида. 2015 йил сўнгида бу кўрсаткич 9,9 миллионни ташкил этган эди.

Компаниянинг умумий тушуми январь-мартда 469 млрд сўмни ташкил этиб, бу ўтган йилнинг худди шу давриги кўрсаткичга нисбатан 15 фоиз кўп демакдир. Бунда мобиль алоқа хизматидан олинган даромад 465 млрд сўм (+15%), шу жумладан, маълумотларни етказиш хизмати — 90 млрд сўм(+7%)ни ташкил этди. Капитал ҳаражатлар эса 85 млрд сўмдан иборат бўлди.

EBITDA кўрсаткичи (асосий воситаларнинг ишдан чиқиши, номоддий активлар амортизацияси ва активларнинг қадрсизланиши билан боғлиқ зарарларни айириб ташлашгача бўлган операцион фойда) 11 фоизга ўсиб, 285 млрд сўмга, операциялар маржиналлиги эса 1,9 фоиз пунктига пастлаб, 60,8 фоизга етди.

Январь-март ойларида бир нафар абонентга ўртача ойлик ҳисоб (ARPU кўрсаткичи) 15,87 минг сўмни, ўтган йилги кўрсаткичдан 23 фоиз кўпроқни ташкил этди. МОU кўрсаткичи (бир ойда бир абонент томонидан фойдаланилган дақиқалар кўрсаткичи) — бир йил аввалги 498 дақиқага нисбатан 472 дақиқа.