Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Бўстонлик туманида эркак ва унинг ўғли хизмат вазифасини бажараётган кадастр ходимини калтаклагани акс этган видео тарқалди. Бош прокуратура матбуот хизмати ҳолат назоратга олинганини маълум қилди.

Ҳаёт Шамсутдиновнинг ёзишича, кадастр ходимига қаршилик кўрсатган шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 219-моддаси (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш / БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Кадастр агентлиги матбуот котибининг Millar дастурига маълумот беришича, ходим воқеа жойига уни калтаклаган эркакнинг қўшниси юборган мурожаат асосида борган. Мурожаатда эркак ўзбошимчалик билан девор қуриб, ички йўлни тўсиб қўйгани айтилади.