Хоразм вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси Гурлан туманидаги боғчада болаларга нисбатан қилинган қўполлик юзасидан ўрганиш натижаларини эълон қилди.

Қайд этилишича, идеолавҳадаги ҳолат 2023 йил ноябрь ойида тумандаги 23-сонли мактабгача таълим ташкилотида рўй берган. Тарбиячи аёл болалар бир-бири билан уришгани учун уларга тарсаки туширган.

Шунингдек, 2024 йил 17 апрель куни айни шу тарбиячининг эътиборсизлиги туфайли катта гуруҳ тарбияланувчисининг бармоғи эшикнинг шамол таъсирида қаттиқ ёпилиши оқибатида жиддий жароҳат олган, дейилади хабарда.

Ташкилот ҳамшираси бу ҳақда боланинг ота-онасини огоҳлантирганидан кейин шифохонада боланинг бармоғига махсус сим қўйилиб, муолажа қилинган. Ўз навбатида, боланинг қўлига игна санчилгани айтилган ҳолат ўз тасдиғини топмаган.

Бошқарма тарбиячи билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинганини қўшимча қилди.

Ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.