Тошкент-Андижон йўналишидаги пулли автомобиль йўлининг нархи 4,65 миллиард долларига баҳоланмоқда. Бу ҳақда 2 май куни Тошкент халқаро инвестиция форумида транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев маълум қилди.

Инфратузилмавий инвестиция лойиҳаларига бағишланган панель сессиясида сўзга чиққан транспорт вазири ўринбосари пулли автомобиль йўли лойиҳаси бўйича ишлар деярли якунига етиб қолганини айтди. Лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини июнь ойи охиригача тугатиш режалаштирилмоқда.

Унинг сўзларига кўра, пойтахт ва Фарғона водийси вилоятларини боғлайдиган йўлнинг умумий узунлиги 314 километрни ташкил этади.

Тошкент-Андижон пулли автомобиль йўли лойиҳаси 2019 йилдан буён муҳокама қилинмоқда. 2021 йилда унинг қиймати 2 млрд доллардан ошиши хабар қилинганди. Сўнгра Жаҳон банки вакиллари автомагистралдан енгил автомашиналарнинг фойдаланиш нархи сўм эквивалентида 5−7 доллар, юк машиналари ва автобуслар учун эса сўм эквивалентида 15 долларга тенг бўлишини ҳисоблаб чиққан.

Шунингдек, Жасурбек Чориев Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистонни боғлайдиган ҳамда Ҳинд океани портларидан Марказий Осиёга юкларни етказиб бериш муддатини 35 кундан 5 кунга қисқартириши лозим бўлган транс-афғон темирйўли лойиҳасини ҳам эслатиб ўтди.

«Товарларни етказиб бериш нархи камида 40 фоизга пасаяди. Лойиҳа 2027 йил охиригача якунланиши кутилмоқда», — деди у.

Чориев яна бир муҳим лойиҳа сифатида Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темирйўли қурилишини қайд этди. 454 км узунликдаги йўналиш лойиҳаси 5,1 млрд долларга баҳоланмоқда.

Бундан ташқари, Самарқанд тажрибасидан келиб чиқиб, Урганч аэропорти бошқарувини давлат-хусусий шериклик доирасида ўтказиш режалаштирилмоқда, деди вазир ўринбосари.