Ўзбекистонда электр энергияси ва газ тарифларининг ошиши умумий инфляция даражасини 2,4 фоиз пунктга оширади, дейилади Марказий банкнинг биринчи чорак бўйича пул-кредит сиёсати шарҳида.

Хусусан, электр энергияси нархларининг ошиши инфляцияни қўшимча 1,2 фоиз пунктга, табиий газники 1 фоиз пунктга, суюлтирилган газники эса 0,2 фоиз пунктга тезлаштириши прогноз қилинмоқда.

Регулятор юридик шахслар учун электр энергияси тарифлари 2023 йилда оширилганини, янги тарифлар фақат уй хўжаликлари учун жорий этилишини ҳисобга олиб, бунинг иккиламчи таъсири юқори бўлмаслигини қайд этди. Таъкидланишича, бу иккиламчи таъсир асосан инфляцион кутилмаларнинг ўзгариши даражаси билан боғлиқ бўлади.

Иқтисодиётдаги инфляцион кутилмаларда тарифлар оширилиши (сўнгги даврда кенг муҳокамада бўлгани туфайли) маълум бир даражада ўз аксини топган. Шунингдек, таклиф этилаётган ижтимоий норма ва тўловни кечиктириш имкониятлари ўзгартиришларнинг кутилмаларга бўлган салбий таъсирларини юмшатишга хизмат қилиши мумкин, дейилади шарҳда.

Шунингдек, Марказий банк тарифларнинг ошиши муносабати билан инфляцион кутилмалар қанчалик ўзгаришини баҳолаш учун бироз вақт талаб қилинишини таъкидлаган.

Марказий банкнинг инфляция бўйича прогнози.Марказий банкнинг инфляция бўйича прогнози.

Марказий банк энергия ресурслари нархлари ошишининг нархларга оширувчи таъсирини жиловлашда уларнинг узлуксиз етказиб берилишини таъминлаш муҳим ҳисобланишини қайд этган.

Регулятор, шунингдек, апрель ойидан тиббий хизматлар, дори-дармонлар ва айрим коммунал хизматларга қўшилган қиймат солиғи жорий этилиши қисқа муддатли истиқболда базавий инфляциянинг пасаювчи тенденциясини секинлаштириши мумкинлигини таъкидлаган.

Жумладан, ушбу солиққа тортишдаги ўзгаришлар келгуси чоракларда базавий инфляцияни қўшимча 0,9 фоиз бандга (умумий инфляцияни қўшимча 1,0 фоиз бандга) ошириши ва IV чоракдан пасаювчи трендга қайтишига шароит яратиши кутилмоқда.

Реал шахсий истеъмол ўсиш прогнози. Манба: Марказий банк.Реал шахсий истеъмол ўсиш прогнози. Манба: Марказий банк.

Бундан ташқари, инфляциянинг тезлашиши туфайли аҳолининг реал даромадлари бироз пасайиши мумкин, дея қайд этди Марказий банк.

Аввалроқ шуни инобатга олган ҳолда Марказий банк 2024 йилдаги асосий сценарий бўйича умумий инфляция прогнозини 8−9 фоиздан 9−11 фоизгача оширганди.