Акмал Арзиевич Мирзаев Сирдарё вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Мирзаев 2022 йил 17 октябрдан буён Сардоба тумани ҳокими вазифасида ишлаб келаётганди. Ундан аввал эса сув хўжалиги вазирининг ўринбосари лавозимида фаолият юритган.

Шунингдек, Андижон вилоятининг Марҳамат тумани ҳокими лавозимига Ўткирбек Комилжонович Маъмуров тайинлади.

У 1973 йилда Олтинкўл туманида туғилган. 1997 йилда Москва қишлоқ хўжалиги академиясини тамомлаган.

Меҳнат фаолияти давомида қишлоқ хўжалиги соҳаларида агроном, мудир, раис ўринбосари, раис, бошқарма бошлиғи ўринбосари каби лавозимларида ишлаган.

Ушбу лавозимига тайинлангунига қадар Булоқбоши тумани ҳокими лавозимида фаолият юритиб келаётганди.

Булоқбоши тумани ҳокими лавозимига эса Фурқатбек Тожимуҳаммадович Бўтахонов тайинлади.

Бўтахонов 1985 йилда Хўжаобод туманида туғилган. 2013 йилда Андижон қишлоқ хўжалиги институтини тамомлаган.

Ушбу лавозимига тайинлангунига қадар Булоқбоши тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келаётганди.