Ўзбекистон ҳукумати томонидан яширин иқтисодиётга қарши курашиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда, унинг доирасида фуқаролар томонидан уй-жой харидлари жараёнларини шаффофлаштириш, қурилиш корхоналари томонидан содир этилиши мумкин бўлган фирибгарлик ҳолатларини бартараф этишнинг самарали тизимини яратиш режалаштирилган.

Бу «Яширин иқтисодиётга қарши курашиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш тўғрисида»ги президент қарори лойиҳасида назарда тутилган («Газета.uz»да нусхаси мавжуд). Ҳужжат ҳали жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинмаган ҳамда вазирлик ва мутасадди идоралар ўртасида келишув учун чиқарилган. Шанба куни Солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев ва Савдо-саноат палатаси раҳбари Даврон Вахабов лойиҳани тадбиркорлар билан муҳокама қилди, шу сабабли ҳужжатга ҳали яна ўзгартиришлар киритилиши мумкин.

Қурилиш корхоналари томонидан жисмоний шахсларга кўчмас мулк объектлари реализация қилинганда солиқ базасини ҳар бир квадрат метр учун минимал миқдорлардан келиб чиқиб аниқлаш режалаштирилмоқда. Яъни уй-жой сотиш учун солиқ солинадиган база ҳар бир квадрат метр учун белгиланган минимал қийматдан паст бўлиши мумкин эмас.

Ҳудудлар
Шаҳарлар ва туманлар
1 квадрат метр учун ўртача минимал нарх (миллион сўм)
1
Тошкент
Бектемир тумани
5
2
Мирзо Улуғбек тумани
7
3
Миробод тумани
7.5
4
Олмазор тумани
7
5
Сергели тумани
7
6
Учтепа тумани
7
7
Чилонзор тумани
7
8
Шайхонтоҳур тумани
7.5
9
Юнусобод тумани
7.5
10
Яккасарой тумани
7.5
11Янгиҳаёт тумани
5
12
Яшнобод тумани
7
13
Қорақалпоғистон Республикаси
Нукус
3.5
14
Бошқа ҳудудлар
2
15
ВилоятларВилоят марказлари5
16
Бошқа ҳудудлар
4

Ҳозирги вақтда бундай ҳисоблаш формуласидан юридик шахсларнинг бинолар ва иншоотлари бўйича мол-мулк солиғида солиқ солинадиган базани ҳисоблашда фойдаланилади. У 1 квадрат метр учун абсолют қийматда белгиланган минимал қийматдан паст бўлиши мумкин эмас. Ҳар бир квадрат метр учун белгиланган минимал қийматлар қуйидагича (Солиқ кодексининг 412-моддаси):

  • Тошкент шаҳрида — 3 млн сўм;
  • Нукус ва вилоят марказларида — 2 млн сўм;
  • бошқа шаҳарлар ва қишлоқ жойларда — 1,2 млн сўм.

Шавкат Мирзиёев январь ойида Ўзбекистон давлат бюджети яширин иқтисодиётдан кўраётган зарар 30 трлн сўм эканини, ялпи ички маҳсулотга етказилган зарар эса 135 трлн сўмни ташкил этганини маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, деярли 11 минг қурувчи (41 фоиз) ўз ҳисоботларида фақат 1 нафар ходимни кўрсатган.

Давлат раҳбари яширин иқтисодиётга қарши курашни янги босқичга кўтариш бўйича кўрсатмалар берди. Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига қурилиш, фармацевтика, алкоголь ва тамаки савдоси, ноқонуний импорт, капитални ноқонуний олиб чиқиб кетиш ва нақдлаштириш масалаларида туб ўзгаришларга эришиш мақсадида тергов ва тафтиш ишларини олиб бориш ваколатлари берилди.

Шундан сўнг солиқ идоралари ходимлари янги биноларда яшовчилар ўртасида битимлар қанчалик қонуний тарзда амалга оширилгани ва солиқ солинадиган базани камайтириб кўрсатиш ҳолатлари бор-йўқлигини аниқлаш мақсадида сўровномалар ўтказишни бошлади. Хусусан, улар харидорлардан қандай тўлов усулидан фойдалангани, нақд пулда тўлаш ҳолатлари бор-йўқлиги, тўловдан кейин банк чеклари берилган-берилмагани ҳақида сўради, дея хабар берди «Газета.uz» мухбири.

Биз аввалроқ ҳужжат лойиҳасига кўра, кўчмас мулк ва транспорт воситаларини сотиш фақат нақд пулсиз ҳисоб-китоблар асосида амалга оширилиши таклиф этилаётгани ҳақида хабар бергандик. Бундай операциялар доирасидаги комиссияларни бекор қилиш режалаштирилмоқда.

Бунда жисмоний шахслар билан тузилган олди-сотди шартномалари банк маълумотлари асосида, юридик шахслар билан эса нақд пулсиз тўловни тасдиқловчи ҳужжат мавжуд бўлганда, электрон ҳисобварақ-фактуралар орқали нотариал тасдиқланиши керак бўлади.

Шунингдек, кўп қаватли уйлардаги квартираларни қурувчилар томонидан фуқароларга сотиш жараёнини тартибга солувчи қарор ишлаб чиқиш режалаштирилган.

Қуйидаги шартномаларни солиқ органларининг электрон платформаси орқали рўйхатдан ўтказиш режалаштирилмоқда:

  • фуқаролар томонидан уй-жой сотиб олиш бўйича инвестиция шартномаси (улушли иштирок);
  • юридик шахслар томонидан тузилган уй-жой ва кўчмас мулкни сотиш билан боғлиқ барча шартномалар.

Солиқ органлари платформасида рўйхатдан ўтказилган уй-жой ва кўчмас мулк олди-сотди шартномалари нотариал идоралар томонидан тасдиқланади.