«Док-1 Макс» иши бўйича апелляция шикоятини кўриб чиқиш бошлангани ҳақида хабар берилган эди. Жиноят иши бўйича судланган асосий етти фигурант биринчи инстанция суди ҳукмидан норози бўлиб, шикоят аризалари киритган.

«Газета.uz» мухбирининг хабар беришича, 22 апрель куни навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди. Мажлис аввалги процессда иштирок этмагани сабаб суд тергови бошланмаган ҳиндистонлик судланувчининг адвокати Даврон Аҳмадов томонидан судлов ҳайъатига суд мажлиси котиби Давлат Олимовнинг ноқонуний ҳаракатлари юзасидан жиноят иши қўзғатиш тўғрисида прокуратурага хабар юбориши сўралган аризасини кўриб чиқишдан бошланди.

Адвокатнинг билдиришича, у котибни суд мажлисига видеоконференсалоқа орқали иштирок этиши ҳақида огоҳлантирган, белгиланган вақтда «vka.sud.uz» платформаси орқали мажлисга уланмоқчи бўлганида платформа ишламай қолган ва унга пароль бормаган. Ҳолат ҳақида суд мажлиси котибини огоҳлантирганига, муаммони бартараф этишни сўраганига қарамай, котиб суд мажлисида судлов ҳайъатига мавжуд вазиятни айтмасдан, «Аҳмадов мажлисга келмади», деган.

Судлов ҳайъати маслаҳат қилиб, аризани рад этди. Адвокат Аҳмадов эса бунинг учун судлов ҳайъати бутун таркиби ва суд мажлиси котибига нисбатан раддия билдирди. Судлов ҳайъатидан котибга нисбатан интизомий жазо чорасини қўллаш ҳақида жиноят суди раиси иш берувчига хабар беришини сўради.

Нақ 37 дақиқаю 18 сония давом этган маслаҳатдан чиққан судлов ҳайъати адвокатнинг навбатдаги аризасини ҳам қаноатлантирмай, жиноят иши мазкур таркибда мазмунан кўришни давом эттирилиши ҳақида ажрим чиқарди. Шундан сўнг судья Музаффар Аҳмедов «срочний» иши чиқиб қолгани сабабли судни давом эттиролмаслиги, суд тергови 29 апрель куни 10:30 да бошланишини айтди.

Апелляция суди бошланганидан бери ҳар сафар турли сабаблар билан қолдирилаётгани суд залидаги тўрт нафар жабрланувчининг қаттиқ эътирозига сабаб бўлди. Судья, адвокатлар ва жабрланувчилар ўртасида бир неча дақиқалик баҳсли мунозарадан сўнг судлов ҳайъати зални тарк этди, жабрланувчилар эса журналистларга суд мажлисида иштирок этишдан мақсадлари ва нимадан норози эканликларини сўзлаб бериш ниятини билдиришди.

Улар апелляция сабаб биринчи инстанция судининг компенсацияга доир қарори ижроси кечикаверса, ногирон бўлиб қолган, аммо энди дори билан тирик фарзандларининг ҳаётини сақлаб қолиш учун кеч қолишларидан хавотирда. Шу сабабдан улар юқори турувчи ташкилотлардан мазкур ҳолат юзасидан бирор ечим топишини сўради.

«Буларнинг судига қараб ўтираверсак, боламиз кундан-кунга оғирлашаверса, кейин бу суд бўлганию қарор қабул қилинганининг кимга кераги бор? [Айбланувчиларнинг] жазоланиши менга умуман қизиқ эмас. Эртага вақт ўтиб кетгач, бизга қанча пул берса ҳам фойдаси бўлмайди», — дейди оталардан бири.

«Уйда боламни [оғир] аҳволда кўриб, виждоним қийналганидан келдим… Бир ярим йилдан бери зондда ётибди, ҳали-бери турадиган эмас… Кунора «судорага» беради, ҳар куни бир марта ўлим билан олишади. Кулиб, гапириб қолса, буёққа келмасдим. Ота бўлиб [бошқа] нима қиламан мен… Биз бу ерга тиланчилик қилиб келмадик…

Бу ерда ким ўтирибди, қайси бири айбдорлигини ҳам [билмайман]. Фақатгина тергов жараёнида айбдор деб топилгани учун суд ҳайъатидан шаффофликни, қонуний чора кўришини умид қилиб келганмиз… Тўлаб берган бир миллиард пули боламизни тузатиб беради, деган кутилмамиз ҳам йўқ. Ҳеч бўлмаса кунлик муолажасига ишлатамиз, саноқлигина қолган тирик болаларни асраб қолишимиз керак, бўйнимизгача қарзга ботганмиз", — дейди бошқа жабрланувчи.

Улар бошланган, аммо ҳалигача суд терговига ўтолмаётган апелляция суди устидан Олий суд, Бош прокуратура назорат ўрнатишини, керак бўлса, суд залига келиб ўтиришини сўрамоқда.

Суд тафсилотлари

Судья Музаффар Аҳмедов: Суд мажлисини давом эттирамиз. Олдинги сафар ишга киритилган важларни ўқиб эшиттиргандик. Адвокат Даврон Аҳмадов, сиз билан боғлана олмагандик. Қолганларнинг важларини ўқиб эшиттиргандик, лекин ҳали фикрларни сўрамаган эдик. Шунинг учун сизнинг шикоятингизни қайтадан ўқиб эшиттираман, [таништирилмагандингиз].

Адвокат Даврон Аҳмадов: Суд мажлиси бошланишидан олдин ариза бор эди.

Судья: Марҳамат.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Ҳурматли судлов ҳайъати, бу ариза билан мурожаат қилишимнинг сабаби шундаки, ўтган сафар, 15 апрель куни бўлиб ўтган суд мажлисида [судланувчи] Сингҳ Рагвендра Пратапнинг адвокати бўлиб туриб, менда суд процессида иштирок этишнинг имконияти бўлмади.

Бунинг сабаби суд тизимидаги видеоконференцалоқа платформаси ишламаганлиги эди. Лекин бу ҳолатда мен ҳақимда суд мажлиси котиби томонидан судлов ҳайъатига ва раисига сохта, ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар берилиши натижасида протоколга нотўғри ёзма маълумотлар кўрсатилиб, суд мажлиси котиби томонидан протокол сохталаштирилган.

«Док-1 Макс» иши бўйича 5 апрель куни апелляция процесси бошланди. 15 апрель куни бўлиб ўтган процессда мен шахсан видеоконференцалоқа платформаси — «vka.sud.uz» орқали судга қатнашиш учун 10:30 да боғландим. Лекин платформа ишламади ва менга код бермади. Пароль бермаганлиги натижасида мен суд мажлисида қатнашолмадим.

Бундан олдин бўлган, 5 апрелдаги процессда котибга «Телефон рақамингизни беринг, бизда тезкор ҳолат бўлса, боғланиш имконияти бўлсин», деб айтгандим. Телефон рақам берилмаган, кимга телефон қилишни билмаймиз. Telegram’да адвокатларнинг гуруҳи бор. Суд ишининг тартиби ҳақида маълумот бериш учун у ерда котиб ҳам бўлади. Мен шу гуруҳга ҳам [платформа пароль бермаётгани, уланолмаётганим] ҳақида ёздим.

Бироз вақт ўтгач, котиб [алоқага] чиқди. Котибга: «Котиб, мана суд мажлиси бошланишидан олдин мен боғланяпман, платформа ишламаяпти, менга пароль бермаяпти», — дедим. Гуруҳда менинг ёзувим турибди, айнан 10:30 да ёзганман. Платформадан пароль олишга [ва видеоконференцалоқага уланишга] тайёр турганман. Лекин орадан бироз вақт ўтгандан кейин суд мажлиси менинг иштирокимсиз давом этаётганини биляпман.

Оммавий ахборот воситалари томонидан берилган стенограммада эса «Адвокат Даврон Аҳмадов суд мажлисига келмади», деб ёзилганини ўқидим. Аҳмадов қайси асосларга кўра суд мажлисига келмаганлигини эса котиб аниқламаган. Бу — биринчиси.

Иккинчиси, мен платформа ишламаётганини, уланолмаётганимни билдирсам ҳам суд мажлиси баённомасига суд мажлиси котиби Давлат Олимов томонидан сохта, нотўғри маълумотлар киритилган. Бизга маълумки, Жиноят-процессуал кодексининг 32-моддасида суд мажлиси котиби вазифалари аниқ белгилаб қўйилган.

«Суд мажлиси котиби жиноят ишини суд мажлисида кўриш учун тайёрлайди; суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида процесс иштирокчиларини хабардор қилади; судга чақирилган процесс иштирокчиларининг келган-келмаганлигини текширади, ҳозир бўлмаган шахсларнинг келмаганлиги сабабини аниқлаб, бу ҳақда судга маълум қилади; суд мажлислари баённомасини юритади; раислик қилувчининг суд муҳокамасини тайёрлаш ва ўтказиш билан боғлиқ бошқа топшириқларини бажаради», деб кўрсатилган.

Лекин [котиб] суд мажлисида судлов ҳайъати ва раислик этувчига «Адвокат Даврон Аҳмадов судга келмади», деб маълумот берган. Натижада мен суд мажлисида қатнашолмадим, ўзимнинг процессуал ҳуқуқларимдан фойдалана олмадим. Бундан ташқари, менинг ҳимоям остидаги шахс, Ҳиндистон фуқароси суд мажлисида адвокатсиз қатнашди, унинг процессуал ҳуқуқлари бузилди. Судлов ҳайъати томонидан унинг ҳимоя ҳуқуқи таъминлаб берилмади.

Ҳурматли раислик этувчи, ҳурматли судлов ҳайъати, шу муносабат билан юқоридагиларга асосан суд мажлиси баённомасини сохталаштирган суд мажлиси котиби Давлат Олимовнинг ноқонуний ҳаракатлари юзасидан жиноят иши қўзғатиш тўғрисида прокуратурага хабар юборишингизни сўрайман.

Жабрланувчилардан бири: Рухсат беринг, ҳурматли судья. Ўтган сафар биз келдик, ўтган сафар суд бўлгани йўға?.. (судья жабрланувчининг гапини бўлади — таҳр.).

Судья: Тўхтаб туринг, сизга [гапириш учун] сўз берамиз, ўтиринг. [Адвокат Даврон Аҳмадов], сиз [котиб] айнан нимани сохталаштиряпти деяпсиз?

Адвокат Даврон Аҳмадов: Ҳурматли раислик этувчи, «Суд мажлисига Даврон Аҳмадов келмади» деган маълумот сохталаштириляпти. Видеоконференцалоқа орқали суд мажлисида қатнашиш ҳам суд мажлисига келган [деб] ҳисобланади. Ўша куни видеоконференцалоқа платформаси ишламаганлиги, система менга пароль бермаганлиги учун мен видеоконференцалоқа орқали иштирок этолмадим. Нега мен келмаган ҳисобланаман?

Котибга техник муаммони ҳал қилинглар деб хабар қилдим. Лекин у техник муаммо сабаб Даврон Аҳмадов суд мажлисига қатнашолмаяпти, сабаби видеоконференцалоқа платформаси пароль бермаяпти дейишнинг ўрнига «Суд мажлисига келмади», деб маълумот берган.

Мен эса бу ҳақда [оммавий ахборот воситасида чиққан] стенограммадан ўқидим. Буни судлов ҳайъати таъкидлаган, «Ҳа, суд мажлисида Даврон Аҳмадов келмади, иштирокини сўраймиз», деган. Бу сохталаштирув бўлмай, нима бўлиши мумкин? Мен [котиб билан] шахсан гаплашганман.

Ўша системани кўтариб кўриш керак. [Суд процесси] бўлган куни система ишламади, пароль бермади, пароль бермаса, системага кириб бўлмайди. Буни судлов ҳайъати жуда яхши билади. Натижада менинг ҳимоям остидаги шахснинг ҳуқуқлари бузиляпти.

Судья: Тушунарли. Марҳамат, ўртоқ прокурор.

Прокурор Музаффар Комилов: Асоссиз деб ҳисоблайман, қаноатлантирмасдан қолдиришингизни сўрайман. Суд тергови ўтказилмаган. [Шунинг учун], ҳимоя ҳуқуқи бузилди деб ҳисоблолмаймиз. Айблов бўйича [ҳукм] ва важлар ўқиб эшиттирилди, бўлди. Шу сабабли қаноатлантирмай қолдиришингизни сўрайман.

Судья: Марҳамат, адвокатлар.

Адвокат Ҳусанов: Илтимосномани рад қилишингизни сўрайман. Сабаби сохта дегани — бу ҳақиқатга тўғри келмайди, дегани. Шахс келмаган. Ҳимоя ҳуқуқининг бузилмаганлиги [эса] бошқа масала. Шунинг учун бу жиноят иши қўзғатишга асос ҳисобланмайди.

Адвокат Набиев: Ҳақиқатдан ўша куни видеоконференцалоқа платформаси [ёки ишламаганлиги] тўғрисида маълумот йўқ, шунинг учун судга ҳавола қиламан.

Яна уч нафар адвокат илтимосномани судга ҳавола қилган бўлса, тўрт нафар адвокат рад қилишни сўради.

Судья: Марҳамат, судланувчиларимиз.

Судланувчиларнинг барчаси судга ҳавола қилди.

Судья: Марҳамат, жабрланувчиларнинг қонуний вакиллари.

Жабрланувчилардан бири: Ўтган сафар [адвокат] келмай қолди. Мисол учун, келмай қолса, [келмай қолишини] олдиндан билади-ку. Биз ҳам [суднинг] душанба кун [бўлишини] олдиндан биламиз-ку. Ҳамма, шунча ота-она ишини ташлаб келяпти-ку. [Судланувчини] 9 ойдан бери ҳимоя қиляпти, нимага вақтида келмайди?

Ундан олдинги сафар ҳиндистонлик айбланувчига таржимон топилмай қолди. Ҳадеб чўзиб келавериб, худди судьяни аҳмоқ қилиб қўйгандек бўляпти. Мана бу ерда адвокатлар билан телефонда гаплашиб ўтирди, «Боролмаяпман, ишим чиқиб қолди», [деди]. Ҳозир энди бу ёқда бошқача [гапиряпти].

Адвокатлардан бири: Ҳурматли раислик этувчи, [менинг ҳимоям остидаги шахс бошқа], лекин адвокатга нисбатан жабрланувчи томонидан бунақа фикр билдирилиши ноқонуний-да, [ҳолатга] суд баҳо беради-ку. [Жабрланувчига ҳолатни] тўғри тушунтиришингизни сўрайман.

Ўша жабрланувчи: Рад этишингизни сўрайман. Чунки келмаганини ўзи тан оляпти.

Бошқа жабрланувчи: Судга ҳавола.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Ҳурматли раислик этувчи, тартибга чақиришингизни сўрайман. Бу одам жабрланувчими, ким — билмайман. Шахсига аниқлик киритмай туриб, фикр билдиряпти. Рад қилиш, қаноатлантириш масаласини сўраши мумкин.

Лекин суд ҳукми чиққан, бу ерда жабрланувчиларнинг қатнашиши ҳам шарт эмас. Нимага қатнашаётганлиги биз учун тушунарсиз. Сўрови бўладиган бўлса, марҳамат келсин, сўрови бўлмайдиган бўлса, ҳуқуқи. Ҳеч ким буларни чақиргани, мажбурлагани, ўтиришини сўрагани йўқ. Суд мажлисига хоҳласа келсин, хоҳламаса, келмасин. Сўрови бўлганда суд чақиради.

Бугунги кунда бирор адвокат ёки прокурор томонидан жабрланувчиларни суд мажлисига сўроқ қилиш бўйича илтимоснома тушгани йўқ. Биз нега буларнинг фикрини сўраяпмиз? Суд мажлиси тартибини бузяпти. Лекин судлов ҳайъати уни тартибга чақирмаяпти. Адвокатнинг процессуал фаолиятига тўсқинлик қиляпти, «Адвокат аҳмоқ қиляпти», деяпти. Қайси телефонда гаплашиб, «Боролмайман», деганимни эшитган экан? Нега ёлғон фикр билдиряпти?

Жабрланувчиларидан бири: Рухсат этинг, ҳурматли судья. Жабрланувчининг отасиман.

Судья: Фамилиянгиз?

Жабрланувчи: Абдуллаев Анвар.

Судья: Қонуний вакилимисиз?

Жабрланувчи: Ҳа, жабрланувчининг отасиман.

Судья: Марҳамат.

Жабрланувчи: Адвокатимиз айтяпти, биз қатнашишимиз мумкин эмас экан. Иш ўзи нима ҳақида кетяпти? Боламиз касаллиги учун очилганми, ё… (судья жабрланувчининг гапини бўлади — таҳр.).

Судья: Уни суд ҳал қилади.

Жабрланувчи: Бўлмаса, рад этинг.

Судья: Маслаҳатга кирамиз.

Судлов ҳайъати 4 дақиқаю 56 сониядан сўнг маслаҳатдан чиқди.

Судья: Апелляция инстанцияси Адвокат Даврон Аҳмадов томонидан келтирилган илтимосномани муҳокама қилиб, уни қаноатлантирмасдан қолдирди. Биринчидан, ҳақиқатдан адвокат Даврон Аҳмадов ўтган суд мажлисига келмади. Иккинчидан, уланиш ҳақида котиб, шу ерда маъруза қилиб, «Видеконференцалоқадан уланарканлар», деди.

Лекин видеоконференцалоқадан улашнинг имони бўлмади. «Хўп, видеоконференцалоқадан улашнинг имкони бўлмаса, унда Тошкентдами?», деб сўрдик, «Тошкентда», дейишди. «Унда келақолсин», деб телефон қилинди. Мана шу ерда адвокат ҳам телефон қилди, тушиб бўлмади, биринчидан.

Энди, «Менинг ҳимоям остидаги шахснинг ҳуқуқи бузилган», деган важингиз [бўйича]. Биз сиз келмаганлигингиз, бошқа ҳимоячи бўлмаганлиги сабаб фақатгина шикоятнинг важларини ўқиб эшиттириш билан чекландик. Ҳаттоки ҳеч кимнинг фикрларини ҳам эшитмадик. Тушунарли бўлдими? Шунинг учун биз [аризангизни] қаноатлантирмасдан қолдирдик. Олдинги сафар йўқ эдингиз. Таржимонимизнинг шахсига оид маълумотлар бўйича саволлар[ингиз] йўқми?

Адвокат Даврон Аҳмадов: Йўқ. Иккинчи аризам бор эди.

Судья: Марҳамат.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Ҳурматли судлов ҳайъати, судлов ҳайъати бутун таркибига ва котибга нисбатан раддия билдираман.

Судья: Асос? Асос бериш керак-да.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Ҳурматли судлов ҳайъати, биринчидан, ҳозир ўтган суд процессида бўлган ҳолат юзасидан илтимоснома киритдим. Суд ҳайъати суд процессига келмади деб баҳолади. [Мабодо] чет элда бўлган вақтимда мен қандай келишим мумкин?

Иккинчи ҳолат, видеоконференцалоқадан қатнашишим ҳақида маълум қилганман. Бу ҳаммага маълум. Бу нарса исбот талаб қилмайди. Бу ҳақда котиб билан гаплашганман. Система ишламаганлиги учун судлов ҳайъати адвокат келмади деб баҳо берган. Менинг ҳимоям остидаги шахс адвокат билан таъминланмай, процессуал ҳуқуқлари бузилган.

Бундан ташқари, бу нарса [дастлабки] тергов даврида ҳам давом этган. Таржимон томонидан таржима қилинмаган, [ҳимоям остидаги шахсга] ўз она тилида кўрсатма бериш имконияти бўлмаган. Суд процессида [ҳам] яна давом этяпти. Ҳимоя ҳуқуқи бузилаётгани учун бу судлов таркибига ва котибга ишонмайман. Боиси суд протоколини сохталаштирган ҳолатда «Адвокат келмади», дейилган.

Ҳозир судлов ҳайъати томонидан «Сизга дахлдор бўлмаган бошқа судланувчиларнинг аризаси ўқиб эшиттирилди», дейилган жойига [ҳам эътирозим бор]. Қандай қилиб уларнинг дахли бўлмаслиги мумкин? Бу битта жиноят иши.

Ва бу [судланувчиларнинг] ҳаммаси жиноят ишида бир гуруҳ бўлиб ўтяпти. Булар ҳукмда бир-бирини тўлдиряпти. Яъни, агар биттаси жиноят қилмаганда бошқаси жиноят содир қилмайди. Қандай қилиб, биттасининг аризаси бошқасига дахл қилмаслиги мумкин? Шунинг учун ҳурматли… (судья адвокатнинг гапини бўлади — таҳр).

Судья: Ҳозир, бир дақиқа. Прокурор қани?

Судлов ҳайъати маслаҳатга кириб кетганида давлат айбловчиси ташқарига чиқиб кетганди. Судлов ҳайъати маслаҳатдан чиққанда прокурор суд залида эмас эди, аммо буни пайқамаган судья маслаҳат ажримини ўқиб эшиттирди. Адвокат навбатдаги аризасини ўқиб эшиттиришни якунлай деб қолганда судья залда прокурор йўқлигини сезиб қолди.

Суд залидан: Прокурор чиқиб кетганди.

Кўп ўтмай прокурор кириб келди.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Қўшимча ҳам бор эди. Суд мажлиси таркиби ва котибига раддия билдириш тўғрисида, шунингдек, суд мажлиси котиби Давлат Олимовга нисбатан интизомий жазо чорасини қўллаш ҳақида жиноят суди раиси иш берувчига хабар беришингизни сўрайман.

Судья: Марҳамат, адвокатлар, фикрлар.

Адвокатларнинг икки нафари илтимосномани рад қилишни сўради, олти нафари судга ҳавола қилди. Етти нафар судланувчиларнинг барчаси эса судга ҳавола қилди.

Судья: Марҳамат, жабрланувчиларнинг қонуний вакиллари.

Суд залидаги жами тўрт жабрланувчиларнинг барчаси рад этишни сўради.

Судья: Тушунарли. Судлов ҳайъати маслаҳатга киради.

Судлов ҳайъати 37 дақиқаю 18 сониядан сўнг маслаҳатдан чиқди. Орадаги танаффуслар билан етти ой давом этган «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстанция суди ва ҳали бошланганига кўп бўлмаган апелляпция судида судлов ҳайъатининг бунчалик узоқ вақт маслаҳатга кириш иккинчи маротаба бўлмоқда.

Биринчи марта 2 февралдаги судда судланувчи Шоюсуп Шодмонов терговда ўзи ва шерикларига руҳий ва жисмоний тазйиқлар бўлгани ҳақида киритган илтимосномаси бўйича маслаҳатга кирган судлов ҳайъати 57 дақиқа ўтиб маслаҳатдан чиққанди.

Судья: Апелляция инстанцияси ажрим қилади. Демак, адвокат Аҳмадов томонидан суд таркиби ва суд мажлиси котибига нисбатан келтирилган раддия асоссиз бўлганлиги сабабли қаноатлантирилмасдан қолдирилсин. Жиноят иши мазкур таркибда мазмунан кўрилиши давом эттирилсин.

Сабабини тушунтириб бераман. Жиноят-процессуал кодексининг 76-моддасида жиноят процессида қайси ҳолатларда монелик қилиши ҳақида келтириб ўтилган. Учинчи қисми бор, яъни судьянинг холислиги ёки беғаразлигига шубҳа туғдирган ҳолат бўлганда [дейилган]. Бизда ҳали шубҳа туғдирадиган ҳолат ҳам бўлмади. Чунки суд терговининг ўзини бошламадик. Шунинг учун қаноатлантирмасдан қолдирдик.

Ариза бўйича иккинчи масала, суд мажлисида котиблик қилаётган Давлат Олимовга интизомий [жазо] масаласини кўриш учун раисга муносабат билдириш ҳақидаги аризани ҳам биз қаноатлантирмасдан қолдирдик. Чунки унинг ҳаракатида бирор бир интизомий даражага тортадиган ноқонуний хатти-ҳаракатлар бўлмади. Тушунарлими?

Ҳурматли суд иштирокчилари, процесснинг бир ҳафтада фақат бир кун, душанбада давом этаётгани камлик қиляпти. Жума куни ҳам қўядиган бўлсак, ҳафтасига икки кун бўлса, нима дейсизлар?

Суд залидан: Уч кунга [бўлса] ҳам майли.

Судья: Уч кунга имкониятимиз йўқда. Бизда бошқа «дело»лар ҳам бор.

Адвокатлардан бири: Тушликкачами?

Судья: Тушликкача.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Тушликкачами? Бизда бошқа процесслар ҳам бор-да.

Судья: Йўқ, тушликкача. Икки кунга қўйсак бўладими? Жума кунида ҳамманинг вақт борми?

Таржимон жума куни имкони йўқлиги, ўзининг асосий иши, университетда дарси борлигини айтди.

Жабрланувчилардан бири: Чоршанбага ўзгартирсак, бўлмайдими? Душанба, чоршанба қилиб.

Адвокатлардан бири: Йўқ, чоршанбага ўзгартирсак, бўлмайди, бизнинг вақтимиз йўқ.

Бошқа адвокат: Энди қачон белгиланишини жабрланувчилар билан келишмаймиз-ку.

Жабрланувчи: Рухсат беринг, ҳурматли судья.

Судья: Ҳозир бир дақиқа.

Судья ва таржимон билан вақт келишиш бўйича мулоқот давом этди.

Судья: Битта нарсада, бизда ҳам муддат деган нарса бор. Ҳозир мен давом эттиролмайман, «срочний» битта жойга чақиришяпти, шунга шунақа бўлиб қолди-да ҳозир.

Судлов ҳайъати кейинги суд 29 апрель, душанба куни бўлиши, ундан кейинги судлар эса ҳафтасига икки кун, душанба ва жума кунлари давом этишини билдирди.

Жабрланувчи: [Гапиришими учун менга] сўз беришингизни сўрайман, жабрланувчининг отасиман.

Судья: Аҳа, нима демоқчимисиз?

Жабрланувчи: Гапим бор эди, агар рухсат берсангиз.

Судья: Ҳали бошланмади-ку, оғайни.

Жабрланувчи: Ҳозир тугайди, вақтим йўқ деяпсиз-ку, шунга айтяпман-да.

Судья: Ҳали суд терговини бошламадик. Бунинг тартиб-қоидаси бор. Шикоят бўйича буларнинг фикрларини эшитамиз, сизларни ҳам эшитамиз. Ўша пайтда [гапиришга] сўз берилади.

Жабрланувчи: Тушуняпман. Ҳозир сизнинг гапингиз бўйича [фикр билдирмоқчи эдим], «Шошиляпман, бир жойга кетяпман», деяпсиз.

Судья: Ҳа. Ҳозир, бугун қолдириб турамиз.

Жабрланувчи: Битта адвокатнинг ноаниқ масаласи билан шунча вақт кетди, кун ярим бўлди… (адвокат жабрланувчининг гапини бўлади — таҳр.).

Адвокат Даврон Аҳмадов: Ҳурматли судья… (судья адвокатнинг гапини бўлади — таҳр.).

Шу вазиятда залда жабрланувчилар, адвокатлар ва судья ўртасида мунозара бошланиб кетди. Ҳамма бир вақтда бир-бирини эшитмай гапиргани учун ким нима деётганига ҳам тушуниб бўлмай қолди.

Судья: Энди, битта нарса… (жабрланувчилардан бири ва адвокат Даврон Аҳмадов бир пайтда гапириб кетади — таҳр.).

Жабрланувчи: Энди, битта нарса, биз ҳали [бу адвокатнинг гапига] қўшимча қўшганимиз йўқ. Ҳурматида турибмиз… (судья жабрланувчининг гапини бўлади — таҳр.).

Судья: Битта нарса, адвокат ўзининг позициясидан келиб чиқиб туриб, ноқонуний ҳаракат қилаётгани йўқ.

Жабрланувчи: Бизга гапиришга рухсат бермаяпти-ку, биз у одамни эшитяпмиз-ку.

Судья: Мен сизга тушунтиряпман, суд терговини бошласак, фикрингизни ҳам эшитамиз, биз ҳаммани эшитамиз. Ҳали суд терговини бошламадим, оғайни, тўғри тушунинг.

Жабрланувчи: Бугун улгурамизми? Биз гапиришимиз керак.

Судья: Йўқ, бугун процессни қолдириб турамиз.

Жабрланувчи: Бир марта гапираман. Узр, ҳамманинг ҳурматида туриб, гапираман. Ҳозир мана шунча одам йиғиляпти, жабрланувчилар тўртта. Ҳозир келганлардан икки нафаримизнинг боламиз ётибди-да. Битта жойда ётибди, бир ярим йил бўляпти. Энди, Аллоҳ рози бўлсин, нечтасининг, мана бу шеригимиз боласи [аллақачон вафот этган]. [Бу суд] қачонгача давом этади, қачон ижроси амалга ошади?

Муҳтарам судья, биз келсак, ҳурматли адвокат «Сизларсиз ҳам ўтади», деяпти. Ўзи бу суд жараёни нима мақсадда бўляпти? Бизнинг болаларимиз касал бўлгани учун бўляптими ёки масхарабозлик учун бўляптими? Кечирасизлар.

Судья: Булар фикрини билдиряпти.

Жабрланувчи: Мен ҳам фикримни билдиряпман, нимага қўшиляпти? Мен гапирсам, оғзимни ёпяпсизлар-да. Менинг болам битта жойда ётибди. Ким жавоб беради?

Судья: Илтимос, илтимос. Исмингиз нима?

Жабрланувчи: Анвар исмим, муҳтарам судья.

Судья: Анваржон, қўйинг, бир-биримизни анақа қилмайлик… (жабрланувчи яна гапира кетди, бир пайтда судья ҳам гапиргани учун иккисининг ҳам нутқи эшитилмади — таҳр.).

Сизни эшитамиз, ҳаммаларингизнинг ҳамма фикрингизни эшитамиз. Тушунтира олдимми? Ҳеч ким қолиб кетмайди. Керак бўлса, ҳаммани чақираман.

Жабрланувчи: Вақт ўтяпти.

Бошқа жабрланувчи: Ҳозир суд ҳар ҳафта чўзилиб-чўзилиб келяпти-ку, болаларимизнинг муолажаси бор. [Компенсация] ундириладиган бўлса, ундириладими ё йўқми, аниқ қилиб бериши керак. Чунки 26 февралда қарори чиқди-да, икки ой ўтди.

Судья: Йўқ, ҳали ҳукм кучга кирмаган. Апелляциядан кейин қонуний кучга киради.

Жабрланувчи: Хўп, ундан кейин ҳам икки ой ўтди, ҳали тергов бошланмади-да.

Бошқа жабрланувчи: Болам кунора «судорага» беряпти, ҳар куни бир марта ўлим билан олишяпти.

Судья: Энди, битта нарса, битта нарса…

Жабрланувчилардан бири: Бу ерда биттаси вақтим бўлмади деса, иккинчиси, бошқа нарса деса, шунақа қилиб қолдираверсак, [болаларимиз] қанақа аҳволда ётади? Ўтган сафар русчада тиниқ гаплашган бўлса, 9 ой ўша инсон гаплашди-ку, ўша судларда таржимонсиз ҳам рус тилида жавоб қайтариб ўтирди.

Судья: Энди, оғайни, процессуал тартиб-қоида борда. Бу қоидага мен ҳам риоя қилишим керак. Тилни яхши билмайдими, таржимон иштирок этиши шарт.

Жабрланувчилардан бири: Хўп, бизнинг қаршилигимиз йўқ. Лекин 9 ой давомида таржимонсиз ҳам тушуниб, гапириб турган одам охирига келганда унақа қилиши керак эмас-да. Инсоф ҳам керак-да… (адвокат жабрланувчининг гапини бўлади — таҳр.).

Бошқа жабрланувчи: Бўлди, биз гапирганда гапирмай туринг. Сизникини бўлмаяпмиз-ку. Ҳурматли судья, қачонгача давом этади?

Судья: Суд терговини 29 апрелда 10:30 да ўтказамиз, тушунарлими?

Судлов ҳайъати суд залини тарк эта бошлади.

Залдаги жабрланучилар: Журналистлар борми? Интервью берайлик.

Ҳамма суд залидан чиққандан сўнг жабрланувчилар журналистларга суд мажлисида иштирок этишдан мақсади, нега апелляция судидаги ҳолатдан норозилигини сўзлаб берди. Қуйида жабрланувчиларнинг гаплари тўлиқ ҳолатда келтирилади.

Жабрланувчилар мурожаати

Биринчи жабрланувчи

Мен Нодирбек Алижоновнинг отаси Анвар Абдуллаевман. Фарғона вилоятидан келдим. Апелляция судида иккинчи марта қатнашишим. Ўзим давлат ишида ишлаганлигим сабабли айрим мажлисларига [келолмадим]. Суднинг [ҳукми] ижросига тўлиқ ишонган ҳолатда ўша ерда туриб… (гапини тугалламайди — таҳр.). Аввало Аллоҳга ишонамиз. Булар ҳукмни чиқараверади, кимнинг айбдорлигини барибир Аллоҳ билади.

Уйда боламни [оғир] аҳволда кўриб, виждоним қийналганидан келдим. Булар аллақачон ҳамма қарғишни олиб бўлган. Бу ерда ким ўтирибди, қайси бири айбдорлигини ҳам [билмайман], буларни олдин танимаганман, кўрмаганман. Фақатгина тергов жараёнида айбдор деб топилгани учун суд ҳайъатидан шаффофликни, қонуний чора кўришини умид қилиб келганмиз. Фарзандимизнинг [ҳолати учун] айбланувчиларга нисбатан қонуний чора кўрсин.

Бугун апелляциянинг иккинчи жараёнига қатнашдик. Билишимизча,. (гапини тугалламайди — таҳр.). Олдингиларида ҳам хабарлашиб турардик, шериклардан, жабрланувчиларнинг ота-оналаридан.

[Сизларга интервью беришни хоҳлашимиздан] мақсад — суд чўзиляпти. Билишимизча, суд ўйин бўляпти. Тепадаги назорат қилувчи органлар келиб, суд жараёнини текширсин. Керак бўлса, Олий суд вакиллари, бошқалар кузатувчи бўлиб ўтирсин.

Битта адвокатни деб, битта таржимонни деб [неча сафардан бери қолдириляпти]. Бир йилу беш ой вақт ўтяпти. Аллоҳга шукр, насиб қилган экан, бизнинг Фарғона вилоят ҳокимимиз виждонли, Аллоҳ рози бўлсин, қўллаб-қувватлади. Бошқа бир одам нима бўляпти, кунинг қандай ўтяпти, қийналмаяпсанми, деб сўрагани йўқ, ошна-оғайнигарчилик, ишхона, Худога шукр, ёрдам беряпти. Ҳаммасига минг раҳмат.

Лекин бу айбдор шахслар… (гапини тугалламайди — таҳр.). Бугун суд жараёнига келдик. Нима эмиш, адвокатнинг гапи эшитиляпти, лекин биз фуқаронинг гапи [эшитилмаяпти]. Ўзи бу суд бизнинг болаларимиз касаллиги учун бўляптими? Нима эмиш, бу бу ерга қатнашишимиз шарт эмас экан.

Судья унинг (адвокатни назарда тутяпти — таҳр.) гапини бемалол эшитиб турибди. Биз гапирсак, бизга рухсат бермайди. Овозимизни… (гапини тугалламайди — таҳр.). Суд чўзиляпти. Олий суддан, Бош прокуратурадан ижрони назоратга олиш учун келишсин.

Бугун судьянинг вақти йўқ экан. Шунинг учун қолдирилди. Болаларнинг қанчаси вафот этган. Тўрт-беш нафар, саноқли бола омон қолган. Аллоҳ умрини бериб, олдимиздалигига шукр қиламиз. Бу ерга ҳеч ким тиланчилик қилиб келгани йўқ. Худо ризқини, ўзимизга куч-қувватни беряпти.

Шунчаки биз демократик давлатда яшаяпмизми, қонун билан ижросини таъминлаб беришини сўраймиз. Охиригача борамиз, кучимиз етганича. Сабабини қиламиз, Аллоҳ беради. Булардан биз сариқ чақа сўрагани келганимиз йўқ. Ўзбекистон давлати, мустақил давлатда яшаяпмиз, президентимизга ишонамиз, мисол учун.

Ҳозир бир миллиард пули билан болам туриб кетади деган [кутилмамиз] йўқ. Шифони Аллоҳ беради. Муолажасига сарфланади. Биз андиша қилиб, майли, майли деб келдик. Айтяпман-ку, мен аниқ билмайман, бу ерда ким олиб кирган, [лекин] тергов органи, давлат органи текшириб шуларни айбдор деб топган. Шуларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Бизга [компенсация пули] кунлик муолажасига керак. Айтяпман-ку, Худо етказяпти. Эрталаб боламнинг тонг оттиришига ҳеч ким, уларнинг бир миллиард пули [ҳам] кафолат бўлолмайди. Мисол учун, 10 миллиард берса ҳам эрталабгача боламнинг тузалиб кетишига, операция қилиб яхши бўлишига [кафолат йўқ]. Аввало шифони Худо беради.

Бу ерда «издиватса» бўляптими, масхарабозликми, ноҳақлик бўлаётгани учун бизга алам қиляпти. [Апелляция]си бўлса бўлсин. Бўлмаса яққол қарорни кучга киритсин. Биз қўлимиздан келганича боламиз учун ҳаракат қиляпмиз. Юқори турувчи органларга чиқамиз, қилиб берсин.

Бизнинг ҳаракат қилишимизнинг сабаби… (гапини тугалламайди — таҳр.). Айтяпман-ку, уларнинг арзимас пули боламни турғизиб қўймайди. Ҳозир кунлик харажатимни ҳам ўзим биламан. Бу ерда ҳеч бир ота-она боласига кетаётган харажатларни бировга реклама қилиш учун чиқмайди. Лекин қайсидир бир дорисига, муолажасига ёрдам қилар. Бу ноинсофлар бирортаси бориб хабар олмаяпти-ку.

Мен керак бўлса, бировларга ялиняпман. Ҳозир ҳар қандай ишга тайёрман. Мени ҳам ойлигим тўлиқ етмайди. Аллоҳга шукр, давлат ишида ишлайман, ойлик бериб турибди. Лекин бу нарса етмайди. Кунлик харажатлари, бошқаси бор. Зондда ётибди, ҳали-бери ўтиргани йўқ, бошқа қилгани йўқ. Кулиб, гапириб қолса, мен буёққа келмасдим. Худога шукр дейман, ҳозир ҳам Худога шукр дейман.

Қонуний давлатми? Уйда ўтириб, виждоним қийналганидан келяпман. Ота бўлиб нима қиламан мен? Ҳеч бўлмаса, қонуний вакил бўлиб нимадир қилишим керакми?

Ота-оналар бу суд залига ожизлик билан ёки самимийлик билан ишониб келяпти. Шаффофлик кутяпти ҳамма нарсадан, суддан, бошқадан. Ҳатто бирортамиз адвокат олганимиз йўқ. Адвокат олишга қурбимиз етади. Лекин бу нарса аниқ-ку. Ҳаммаси бошидан бери нима қилган бўлса, тан олиб келяпти-ку. Нимага шунинг ижросини таъминлаб бермаяпти?

Бизнинг адвокатимиз фақат журналистлар бўлиб қоляпти. Ҳаммаларингга минг раҳмат. Сизлар бўлмасаларинг, балки суд залида [нима бўларди?]. Биз билмаймиз, суд залида ҳали… (гапини тугалламайди — таҳр.).

Ноҳақлик деган сўзни ишлатмаймиз, майли. Лекин ҳали тугагани йўқ-да. Тугамаганидан кейин гумон қилишга ҳаққимиз бор. Балки шу ерда тугаб кетар. Шундай ёпилиб кетиши мумкин. Журналистлар бор экан, ойнаи жаҳонга чиқяпти, бутун халқ кўряпти, эшитяпти. Шунга нисбатан буларнинг виждони қийналган бўлиши мумкин.

Иккинчи жабрланувчи:

Мен Ферузбек Нураддинов, фарзандим Алибек Ўктамовнинг қонуний вакили бўлиб қатнашяпман. Фарзандим «Док-1 Макс» сиропидан ичиб, заҳарланган, шу кунда оғир аҳволда. Ногирон бўлиб қолган, юролмайди, ҳаракатлари йўқ.

Заҳарлангандан ҳозирги вақтгача бир ярим йил ўтди. Суд бошланганига ҳам 9 ой бўлди. Биринчи инстанция судининг қарори 26 февралда чиққан. Ўша пайтда жабрланувчиларга белгиланган суммани ажратиб берганди. Шу билан апелляцияга берилган, апелляция суди бўляпти.

Биринчи қарор чиққандан кейин ҳам ҳисоблаб кўрсак, икки ой бўлди. Икки ойни ичида учинчи марта суд бўлди. Биринчисида ҳиндистонлик айбланувчига таржимон келмай қолди, иккинчисида адвокат хизмат сафарида бўлиб қолган экан, ўша билан қолди, бугун судьянинг иши чиқиб қолган экан — яна қолди.

Икки ойдан бери ҳали ҳеч қанақа суд бошлангани йўқ. Бизга айбдорлардан ундириладиган [компенсация миқдори] дори, муолажаларимиз ажратиладиган сумма эртароқ ундириб берса, фарзандимизнинг муолажасини қилсак. Бунинг апелляцияси давом этаверсин, [ишимиз йўқ]. Шунчаки, эртага вақт ўтиб кетгач бизга қанча пул берса ҳам фойдаси йўқ. Ҳозир фарзандимизнинг муолажаси бор, реабилитацияси, бошқаси, укол-дориси бор.

Ҳозир фарзандим эрталаб тўққиздан кечки тўққизгача ҳар соатда укол оляпти. Бунинг сарф-харажатларини етказиб бўлмайди. Қўллаб-қувватлаб турганлар бор — ишхонамиздаги бошлиқларимиз, ака-укаларимиз ёрдам қилиб турибди, лекин қачонгача бировдан қарз кўтарамиз, ёрдам сўраймиз? Бир марта, икки марта ёрдам берган билан унга ҳам сал виждон керак-да, юз керак. Юзига қандай қараймиз?

Агар компенсациянинг ундириб берилиш чораси бўлса, эртароқ ундириб бераверишсин. Ундан кейин бу апелляция судини қачонгача давом этса, этаверсин. Бизга [бу аҳамиятли эмас]. Биз бу ерга келиб, қатнашишдан мақсадимиз ҳам шу: ҳеч бўлмаса, ўша [компенсация пули] боламизнинг оёққа туриши, кунлик муолажамиз учун [кўмак бўлар] деб ҳаракат қиляпмиз. Тирик болаларни асраб қолиш керак.

Буларнинг судига қараб ўтираверсак, бола кундан-кунга оғирлашаверса, кейин бу суд бўлганининг, қарор қабул қилинганининг нима кераги бор. Кейин [айбланувчиларнинг] жазоланиши ҳам менга умуман қизиқ эмас.

Менга аллақачон… (гапини тугалламайди — таҳр.). Бу ерда айби борми, йўқми, мен билмайман. Буни аввало Худо билади. Лекин, мана, адвокат ҳатто бизни гапиртирмаяпти. «Булар келмаса ҳам бўлади», деяпти. Бу ерда суднинг асосий мақсади — жабрланганлар учун кўриб чиқиш учун бўляпти-ку. Лекин бу ерда адвокат: «Хоҳласа келсин, хоҳламаса келмасин», деяпти.

Биз бу ерга ишимизни ташлаб келяпмиз, бекорчиликдан келиб ўтирганимиз йўқ. Боламизнинг муолажаси, бошқа нарсамизни аёлимизга ташлаб, «Қараб турасан», деб, ишимиздан рухсат сўраб келяпмиз. Ишхонам ҳам ҳадеб, кунда рухсат беравермайди-ку.

Ўшанинг чорасини кўриб, юқори турувчи органлар келиб қатнашсами, иложи бўлса, компенсация масаласини ундиришни кўриб бераверсин. Ҳозир қанча ота-она бўйнигача қарзга ботиб кетган.

Олдинги суд қарори чиқди, кимлардандир олди-бердимиз бор, беришимиз керак. Тўғри, улар сўролмаяпти, лекин беришимиз керак-да, бўйнимизда турган қарз у. Ҳозир бу ёқда бола-чақамизнинг яшаши, касал фарзандимизнинг муолажаси, қарз бор, қайси бирига етказишни билмаяпмиз.