15 апрель куни соат 12:40 атрофида Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида Gentra ҳайдовчиси икки нафар ўқувчини уриб юборди, дея хабар бермоқда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот хизмати.

Қайд этилишича, воқеа туманнинг Оқтом маҳалласи ҳудудидан ўтган йўлда содир бўлган. Ўша куни Бахмал туманида яшовчи 26 ёшли ҳайдовчи ўзига тегишли бўлган Gentra автомашинасида юқори тезликда ҳаракатланиб, руль бошқарувини йўқотган.

Шу пайтда қарама-қарши йўналишда мактаб томон ҳаракатланиб кетаётган 5 ва 7-синф ўқувчиларини уриб юборган. Ҳодиса оқибатида болалар вафот этган. Машина йўл четида боғланиб турган қорамолни ҳам уриб кетган. Машина зарбидан ҳайвон ҳам нобуд бўлган.

йтҳ, мактаб ўқувчилари

«100 тезликда келаётгандим. Бошқарувни йўқотдим. Асфалть йўлига чиққанимдан кейин машинамнинг орқаси ўйнаб кетди. Қўрққанимдан рулни тўғрилай олмадим. Шу ҳолатда болаларни уриб кетдим, шуни биламан, бўлди», — деди ҳайдовчи.

«Ҳамиша [ҳарбий] форма кийишни орзу қиларди болажоним. Гавдалари 5-синф бўлса ҳам келишган бола эди, ўртоқларининг ичида синф сардори эди. Орзуларига етмади менинг болам», — деди марҳумлардан бирининг онаси.

«Майли, сен армияга борасан, ҳарбий бўласан дердим. Майли, бўламан дерди. Мактаблардан телефон қилиб, яхши кўришини айтарди. Уни қандай унутаман?», — деди яна бир она.

Маҳаллий ҳавдовчилар ушбу йўлда ЙТҲ биринчи марта бўлмаётгани, ёмғир ёққанда доим шундай бўлиши, машиналар жуда тез ҳаракатланишини таъкидлаган.

Суриштирув давомида ҳайдовчи 2023 йилнинг декабрь ойидан шу кунгача 11 маротаба йўл ҳаракати қоидаларини бузгани аниқланган. Ҳозирда ҳодиса юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми билан жиноят иши, ҳайдовчига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.