Америка Қўшма Штатлари Фаластиннинг ташкилотга тўлиқ аъзо бўлишини назарда тутувчи БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияси лойиҳасига вето қўйди. Бу ҳақда БМТ сайтида хабар берилди.

Ҳужжатга 12 давлат «маъқуллаб» овоз берди, яна иккитаси — Буюк Британия ва Швейцария бетараф қолди.

Резолюция лойиҳаси қабул қилиниши учун уни Хавфсизлик Кенгашининг камида тўққиз аъзоси қўллаб-қувватлаши ва унинг доимий аъзолари — Хитой, Франция, Россия, Буюк Британия ва АҚШнинг ҳеч бири вето ҳуқуқидан фойдаланмаслиги керак.

«Қўшма Штатлар икки давлат бўлиш қарорини қатъий қўллаб-қувватлашда давом этмоқда. Бу овоз бериш Фаластин давлатчилигига қаршиликни акс эттирмайди, балки бу томонлар ўртасидаги тўғридан-тўғри музокаралар натижаси бўлишини тан олишдир», — деб тушунтирди АҚШнинг БМТдаги элчиси Роберт Вуд.

Фаластин маъмурияти АҚШни резолюцияга вето қўйгани учун қоралади ва буни Яқин Шарқни «жар ёқасига» олиб бораётган «агрессив» қарор деб атади.

Фаластиннинг БМТдаги элчиси Риёд Мансур овоз беришдан кейин «Ушбу резолюция қабул қилинмагани бизнинг иродамизни синдириб, қароримизни ўзгартирмайди», — деди. «Биз ҳаракатларимизни тўхтатмаймиз. Фаластин давлати муқаррардир. Бу ҳақиқат», — дея қўшимча қилди у.

Фаластин 2012 йилдан бери БМТда доимий кузатувчи мақомига эга. Бу унга ташкилотнинг барча йиғилишларида қатнашиш имконини беради, лекин унинг БМТ асосий органларида овоз бериш ҳуқуқи йўқ.

New York Times`нинг қайд этишича, Фаластиннинг БМТга тўлақонли аъзо бўлиши узоқ вақтдан бери миллий давлат яратишга интилаётган Фаластин маъмурияти учун «муҳим, кўп жиҳатдан рамзий ғалаба» бўлади. Янги мақом Фаластинга бир қатор имтиёзлар, жумладан, овоз бериш ҳуқуқи ва Хавфсизлик Кенгашидаги навбатдаги ўринни беради. Бироқ, нашр таъкидлаганидек, бу Фаластин давлати билан боғлиқ энг муҳим муаммоларни, жумладан, чегаралар ва алоҳида мамлакатлар томонидан тан олинишини ҳал қила олмайди.

  • Ўтган йилнинг октябрь ойида ҲАМАС гуруҳи Исроил ҳудудига ҳужум қилганидан кейин Яқин Шарқдаги вазият кескинлашиб кетди. Оқибатда камида 1200 исроиллик ҳалок бўлди, 200 дан ортиқ киши гаровга олинди.
  • Бунга жавобан Исроил Ғазо секторини назорат қилаётган ҲАМАСга қарши уруш эълон қилди, анклавга интенсив ҳаво ҳужумлари уюштирди ва у ерга қўшин юборди. Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, можаролар давомида минтақада 30 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди.
  • Март ойи охирида БМТ Хавфсизлик Кенгаши Ғазо секторида «зудлик билан ўт очишни тўхтатиш» ва барча гаровга олинганларни озод қилишга чақирувчи резолюцияни қабул қилди. Бундай резолюцияларни илгари блоклаб қўйган Қўшма Штатлар ўша сафар овоз беришда бетараф қолганди.