Шавкат Мирзиёев 17 апрель куни «Бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлигини ошириш ҳамда сейсмик хавфни мониторинг қилиш фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Ҳужжатда таъкидланишича, «сўнгги йилларда дунёда аҳоли ҳаёти ва мамлакатларнинг ижтимоий-иқтисодий инфратузилмаларига жиддий таъсир кўрсатувчи зилзилалар сони ортиб бормоқда».

Шу боис «сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасини доимий такомиллаштириб бориш доирасида мавжуд ва қурилаётган бино-иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлигини таъминлаш, зилзилани прогнозлаш, мониторинг қилиш ҳамда унга тайёргарлик кўришда давлат органлари ва ташкилотларининг ўзаро алоқаларини кучайтириш муҳим».

Янги кўп қаватли биноларни актив сейсмик ҳимолаш

1 июндан бошлаб сейсмик фаол зоналарда МСК-64 шкаласи бўйича 8 ва ундан юқори баллик сейсмик фаол зоналарда янги қурилиши режалаштирилаётган 5 қаватдан юқори тиббиёт объектлари ҳамда 9 қаватдан юқори биноларни актив сейсмик ҳимоялаш қурилмалари, шу жумладан, сейсмоизоляция ва демпфер ускуналари билан лойиҳалаш амалиёти йўлга қўйилади.

Актив сейсмик ҳимоялаш қурилмаларини ўрнатиш қурилиш ишларига масъул бўлган буюртмачи ташкилотлар томонидан молиялаштирилишади.

Юқори хавфлилик омилига эга объектлардаги юк кўтарувчи конструкцияларни автоматик мониторинг қилиш

1 июлдан бошлаб янги қурилиши режалаштирилаётган хавфлилик омили III — IV тоифа бўлган объектларга бино ва иншоотларнинг юк кўтарувчи конструкцияларини автоматик мониторинг қилиш ускунасини ўрнатиш мажбурий бўлади.

Мониторинг қилиш ускуналарининг мажбурий ўрнатилишини назорат қилиш Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига, улардан олинадиган маълумотларнинг ягона базасини юритиш ва мониторинг қилиш эса Тошкент архитектура-қурилиш университетига юкланган.

1 июлдан бошлаб МСК-64 шкаласи бўйича 5 ва ундан юқори баллик ер силкиниши содир бўлганда бино ва иншоотларнинг ҳолати бўйича юк кўтарувчи конструкцияларни автоматик мониторинг қилиш ускуналаридан олинган маълумотлар тезкор равишда таҳлил қилинади. Бино ва иншоотларда аниқланган хавф бўйича зудлик билан Ўзбекистон аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тадбирларини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгашига ахборот киритилиши шарт.

Республика кенгаши уч кун муддатда Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда зилзила натижасида аниқланган бино ва иншоотларнинг заиф нуқталарини мустаҳкамлаш ва хавфни бартараф этиш чораларини белгилаб, уларнинг амалга оширилишини таъминлайди.

Шунингдек, 1 июндан янги қурилиши режалаштирилаётган хавфлилик омили III — IV тоифа бўлган объектларда газ ва электр тармоқларини кучли зилзила пайтида автоматик блоклаш тизими билан лойиҳалаш тартиби жорий этилади.

Чўккан ва деформациялар пайдо бўлган объектларни мустаҳкамлаш

Қарорда содир бўлган зилзилалар ва фасллардаги намгарчиликлар таъсиридан чўккан ҳамда деформациялар пайдо бўлган бино ва иншоотларни мустаҳкамлаш ишларига «илғор, замонавий ва хавфсиз ёндашувларни» жорий этиш белгиланган.

Шу мақсадда 1 июлга қадар техник ҳолати қониқарсиз деб топилган мавжуд бино ва иншоотларни «компенсацион инъекция технологияси орқали мустаҳкамлаш ва деформацияни олдинги ҳолатига қайтариш» услуби орқали қайта тиклаш ишлари эксперимент тариқасида амалга оширилади.

Октябрь ойига қадар эксперимент натижалари асосида бино ва иншоотлар пойдеворини мустаҳкамлаш ва деформацияларини бартараф этиш услубини амалиётга тўлиқ жорий этиш чоралари кўрилиши керак.

Қурилишда давлат назорати сифатини ошириш

Қарорда 1 июлдан бошлаб янги қурилаётган объектларнинг хавф-хатар тоифасини ҳамда қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий инспекторларнинг иш тажрибасини инобатга олган ҳолда давлат назоратини амалга ошириш ишлари ташкил этиш белгиланган.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат инспекцияси қурилишда давлат назоратини амалга оширишда уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш ҳудудий инспекциялари штат бирликлари сонини қайта кўриб чиқади.

Зилзилаларга тайёрлаш ва прогноз қилиш

Ҳужжат билан сейсмик хавфсизликни таъминлашга қаратилган ҳудудий чора-тадбирларни амалга ошириш режалари тасдиқланди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига 1 майга қадар зилзилага ҳудудларнинг зилзилага тайёргарлик кўриш режаларини тасдиқлаш ва аҳолини зилзилага тайёрлаш ишларини ташкил этиш топширилди.

Ҳудудларда кучли зилзилаларга тайёргарлик кўриш ишларини «аниқ илмий прогнозларга асосан» ташкил этиш мақсадида 1 майдан бошлаб Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази томонидан зилзила хавфи ва прогнозига оид хулосаларни ҳар ойда Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларига киритиш амалиёти йўлга қўйилади.

Агар хулосаларда кучли зилзила хавфи ҳақида огоҳлантириш бўлса, тегишли ҳудудлар раҳбарлари томонидан ҳудудларнинг зилзилага тайёргарлик кўриш режаларига мувофиқ ишлар ташкил этилади.

1 июндан Ўзбекистонда бўлиб ўтган зилзилалар мониторинги, уларнинг илмий таҳлили ва фаол тектоник ер ёриқларининг ҳаракатлари орқали яқин келажакда кутилаётган кучли зилзила хавфи бор ҳудудларни аниқлаш амалиёти йўлга қўйилади.

Зилзилалардан қутқариш бўйича волонтёрлик гуруҳлари

1 майдан бошлаб Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида кучли зилзилада аҳолини қутқариш ишларига жалб этиш учун волонтёрлик гуруҳлари тузила бошлайди.

Ҳар чоракда уларга қонунчиликка мувофиқ кучли зилзилада ҳаракатланиш қоидалари ва тартиби ўргатилиб, бу йўналишдаги билим ва кўникмалари ошириб борилади.

Зилзила муҳандислиги олимлари ассоциацияси

Қарорга кўра, Фанлар академиясида Зилзила муҳандислиги олимлари ассоциацияси ташкил этилади. Унинг таркибига вазирлик ва идораларнинг соҳага масъул мутахассислари, олимлар, хорижлик мутахассислар киради ва у ҳар уч йилда бир марта янгиланади.

Ассоциация томонидан ҳар чоракда тайёрланадиган таклифлар республика кенгаши томонидан ҳар ярим йилда муҳокамадан ўтказилиши ва асосланган таклифлар зудлик билан амалга оширилиши керак.

Қўшимча режалар

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан ҳамкорликда фуқароларнинг зилзила вақтида тўғри ҳаракатланишига бағишланган кўрсатувлар, лавҳалар, роликлар ва эшиттиришлар тайёрлаш топширилди. Улар тизимли асосда компаниянинг барча теле- ва радиоканалларида узатилади.

1 августга қадар республика кенгаши аъзолари ҳамда соҳага масъул вазирлик ва идоралар мутахассислари сейсмик хавфсизликни таъминлаш ва қурилиш назорати соҳаси бўйича ривожланган хорижий давлатларга қисқа муддатли хизмат сафарига юборилади.