Тошкент шаҳрининг Яккасарой ва Чилонзор туманларидан оқиб ўтувчи Бўрижар канали қирғоқ бўйи ҳудудида сайилгоҳ ташкил этиш ва ободонлаштириш ишларини олиб бориш режалаштирилмоқда, деб хабар берди шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.

17 апрель куни пойтахт ҳокими Шавкат Умурзоқов каналнинг қирғоқбўйи ҳудудига ташриф буюриб, лойиҳа билан танишди.

Ҳоким Экология бошқармаси ва Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси мутахассислари иштирокида дарахтларнинг ҳолатини инвентаризация қилиш ва баҳолашдан ўтказиш, шундан сўнг ҳудуддаги дарахтлар кесилмаслиги учун уларнинг ўсаётган жойини ҳисобга олган ҳолда лойиҳага тузатишлар киритиш топшириғини берди.

Ҳоким бошчилигидаги ишчи гуруҳ Бектемир туманидаги олис Олтинтопган маҳалласида ҳам бўлди. Бу ерда «Хавфсиз шаҳар, хавфсиз ҳудуд, хавфсиз маҳалла» концепцияси доирасида куз-қиш мавсумига сифатли тайёргарлик кўриш, видеокузатув камераларини ўрнатиш масалалари муҳокама қилинди.

Шавкат Умурзоқов ҳудудни ободонлаштириш даражасини ошириш учун маҳаллага саноат корхоналарини жалб қилишни тавсия қилди. У мазкур маҳаллада «тенг, инклюзив, марказий жойлардан фарқ қилмайдиган шароитлар яратилиши» зарурлигини таъкидлади, дейилади хабарда.

Ҳоким маҳаллада махсус техникалар учун тўхташ жойи, аҳолига қулай ҳудудда жамоат транспорти учун қўшимча бекатлар ташкил этишни буюрди. Ободонлаштириш учун эса самарали, замонавий суғориш тизимини яратиш, ягона код ёрдамида саноат зоналарини замонавий кўринишга келтириш бўйича топшириқлар берди, деб ёзади ҳокимлик матбуот хизмати.

Бундан ташқари, шаҳар ҳокими «ҳозирда максимал қувват билан ишлаётган» тозалаш иншоотларини оптималлаштириш бўйича таклифлар билан танишди.