Шимолий Атлантика Шартномаси Ташкилоти (НАТО) мутахассислари Ўзбекистон Қуролли кучлари Кичик мутахассислар тайёрлаш маркази фаолияти билан яқиндан танишди, деб хабар бермоқда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.

Вазирликнинг маълум қилишича, дастлаб делегация аъзоларига марказнинг ўқув-моддий базаси ва ўқув хоналарида яратилган шароитлар таништирилган. Шундан сўнг меҳмонларнинг ўзаро танишув суҳбати ҳамда масъул шахслар иштирокида брифинг ўтказилган.

Брифинг давомида марказ шахсий таркиби ва курсантларга НАТО ҳарбий ҳамкорлиги тўғрисида тегишли маълумотлар берилди, дейилади хабарда.

нато, қуролли кучлар кичик мутахассислар тайёрлаш маркази

НАТО ходимлари марказда ўқиётган курсантлар учун ҳарбий альянсга аъзо давлатларда сержантларни тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича бир қатор мавзуларда машғулотлар ташкил этган ҳамда мавзу бўйича ўзаро фикрлар алмашган.

Мудофаа вазирлигининг қўшимча қилишича, ҳамкорликдаги ўқув-услубий машғулотлар 20 апрелга қадар давом этади.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил октябрида Ўзбекистоннинг НАТОдаги миссияси раҳбари, элчи Дилёр Ҳакимов Шимолий Атлантика альянси бош котиби ўринбосари, Марказий Осиё ва Кавказ бўйича махсус вакил Хавьер Коломин билан учрашганди. Суҳбат чоғида Ўзбекистон НАТОни замонавий хавфсизлик таҳдидларига қарши курашишда муҳим ҳамкор деб билиши ва томонлар учун манфаатли бўлган масалаларнинг бутун кўлами бўйича алоқаларни ривожлантириш тарафдори экани таъкидланган.

2023 йил октябрь ойида Мудофаа вазирлиги ҳарбийлари Жанубий Кореяда НАТО стандартлари асосида ўтказилган халқаро илмий жанговар тайёргарлик мусобақасида ғолиб бўлганди. Иккинчи ўринга АҚШ ва Корея жамоалари эга чиққан.