Қозоғистон Сенати «Аёллар ҳуқуқлари ва болалар хавфсизлигини таъминлаш тўғрисида»ги қонунни маъқуллади. У, асосан, оилавий зўравонликни жиноий жавобгарликка тортишга қаратилган, деб хабар қилди Zakon.kz.

Қайд этилишича, қонун калтаклаш ва қасддан баданга енгил шикаст етказиш учун жиноий жавобгарликни ўзида акс эттиради, шунингдек, қасддан баданга ўртача ва оғир шикаст етказиш учун жавобгарликни кучайтиради.

Бундан ташқари, қонун вояга етмаганларга нисбатан жисмоний зўравонлик ва тазйиқ билан боғлиқ ишлар доирасида, шунингдек, томонлар ярашганидан кейин бир йил ичида калтаклаш ва соғлиққа енгил зарар етказиш тўғрисидаги моддаларда назарда тутилган ҳаракатларни такроран содир этиш ҳолатларида томонларнинг ярашиши эҳтимолини истисно қилади.

Ҳужжатда, шунингдек, «Жиноят кодексида назарда тутилган бошқа муқобил жазолар бундан мустасно, қотиллик, зўрлаш ва вояга етмаганларга нисбатан жинсий тажовуз қилиш» учун умрбод озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо белгиланган. Бундан ташқари, Жиноят кодексига 16 ёшгача бўлган ўсмирларга нисбатан «жинсий зўравонлик» бўйича янги модда киритилади.

Ҳужжатда, шунингдек, ўз жонига қасд қилишга ундаганлик учун озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо билан жиноий жавобгарлик жорий этилиши ҳам назарда тутилган. Ўз жонига қасд қилишни тарғиб қилиш учун жарималар мавжуд.

Ҳужжат февраль ойи охирида қуйи палатада тасдиқланган. Энди президент уни имзолаши керак, шундан кейин қонун кучга киради.

Tengrinews.kz. нашрининг аниқлик киритишича, 2023 йилда Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идораларига оилавий зўравонлик юзасидан 99 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган, 69 нафар аёл ва 7 нафар бола унинг оқибатида ҳалок бўлган.

Маълумот ўрнида, Қозоғистонда турмуш ўртоғи Салтанат Нукеновани ўлдиришда айбланаётган собиқ миллий иқтисодиёт вазири Куандик Бишимбаев устидан суд жараёни давом этмоқда. Жараён оммавий тарзда ўтказилиб, матбуотда кенг ёритилмоқда. Бишимбаев умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.