Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси Исроилда истиқомат қилувчи фуқароларга мурожаат билан чиқди.

Хабарда минтақадаги вазият туфайли Исроил ҳудудида бўлиб турган фуқаролардан эҳтиёткорлик ва хавфсизлик чора-тадбирларини кўриш ҳамда доимий равишда ҳушёрлик зарурлиги сўралган.

«Ушбу зиддиятли кунларда шахсий хавфсизликка таҳдид солиши мумкин бўлган ҳолатларнинг олдини олиш учун яшаб турган жойингизни заруратсиз тарк этмасликни тавсия қиламиз», — дейилади дипломат миссия хабарида.

Элчихона консуллик бўлими ишонч телефонлари: 03−672−2466, 03−672−2371, 03−758−5075, 03−758−5076.

Фавқулодда ҳолатларда ва шошилинч хабарлар учун: 972 54 485 1397.

BBC нашрининг ёзишича, АҚШнинг Исроилдаги элчихонаси ўз ходимларига «хавфсизлик нуқтаи назаридан» Қуддус, Тель-Авив ва Беершебадан ташқарига чиқмасликни буюрди.

Давлат департаменти матбуот котиби Мэтью Миллер журналистлар билан суҳбатда бундай эҳтиёт чоралари сабабларини ошкор қилмаган ва фақатгина Қўшма Штатлар Яқин Шарқ ва, айниқса, Исроилдаги таҳдидларни диққат билан кузатиб бораётганини қўшимча қилган.

Бир кун аввал АҚШ президенти Жо Байден Эрон Дамашқда Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қўмондонларининг яқинда ўлдирилганига жавобан Исроилдаги нишонларга зарба беришни режалаштираётганини эълон қилганди.

The Wall Street Journal нашри маълумотларига кўра, Исроилга яқин 24−48 соат ичида Эрондан тўғридан-тўғри ҳужум кутилмоқда. Тахминларга кўра, мамлакат жануби ёки шимолига ҳужум қилинади.

Эслатиб ўтамиз, 1 апрель куни Исроил авиацияси Суриянинг Дамашқ шаҳридаги Эрон консуллигига ҳужум қилган. Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг етти нафар аъзоси, жумладан «Қудс» кучлари қўмондони генерал Муҳаммад Ризо Зоҳидий ва генерал Муҳаммад Ҳоди Ҳожи Раҳимий ҳалок бўлган. Ўзбекистон ТИВ Эроннинг Суриядаги консуллигига қилинган авиазарбани қоралаган.

Зарбадан сўнг Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий «Сионистик режим жазоланишини» айтганди.