Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов 11 апрель куни Минскда Беларусь президенти Александр Лукашенко билан учрашди. Бу ҳақда вазир ўзининг Telegram каналида маълум қилди.

Беларусь раҳбари Бахтиёр Саидовга яқинда Тошкентга расмий ташрифи чоғида Ўзбекистон томони кўрсатган меҳмондўстлиги учун миннатдорлик билдирди.

«Ўшанда биз ўз олдимизга улкан режаларни белгилаб олдик — товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш. Бизда қаергадир чекинишга вақт йўқ ва бунга ҳожат ҳам йўқ деб ўйлайман. Биз ўз ролимизни ўйнашга тайёрмиз, умид қиламанки, Ўзбекистон ҳам бор кучини сарфлайди», — деди Александр Лукашенко (иқтибос унинг матбуот хизмати томонидан келтирилган).

Шунингдек, у Беларусни Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо бўлиш йўлида қўллаб-қувватлаётгани учун Ўзбекистонга миннатдорлик билдирди.

«Биз келишиб олган қўшма корхоналарни яратишга алоҳида эътибор қаратишингизни сўрайман. Биз ўшанда БелАЗ ва бошқалар ҳақида гаплашдик. Келинг, ушбу йўналишда жиддий ишлайлик. Биз бу билан қизиқдик. Ўзбекистонга таклиф қиладиганларимиз бор… Ўйлайманки, Беларусда бўлганингиз учун, агар сиз корхоналаримизни кўрмоқчи бўлсангиз, илтимос, исталган вақтда исталган корхонага ташриф буюришни ташкил этамиз, шунда сиз уларнинг маҳсулотлари Ўзбекистонда фойдаланиш учун мақбул эканига ишонч ҳосил қилишингиз мумкин», — дея давом этди президент.

Александр Лукашенко Беларусь «Ўзбекистон ва бу мамлакат халқига доимо дўст ва биродар бўлиб келганини» таъкидлади.

«Ҳар доим шундай бўлиб қолишига ишонч ҳосил қилишингиз мумкин. Биз меҳнатсеварлигимиз, ватанпарварлигимиз, давлатимизга бўлган муносабатимизда жуда ўхшаш эканимизни тез-тез айтаман. Шундай экан, келинг, ўша пайтда Тошкентда эришган келишувларимизни бажарайлик», — деди у.

александр лукашенко, бахтиёр саидов, беларусь

Бахтиёр Саидов Александр Лукашенкога президент Шавкат Мирзиёевнинг саломини етказди. «У менга алоҳида эътибор қаратди ва „Дўстимга энг яхши тилакларимни етказинг“, деди. Табиийки, Ўзбекистонга қилган ташрифингиз тарихий ташрифдир», — деди вазир.

Ўзбекистон Беларусь билан муносабатларни барча соҳаларда сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга тайёр, деди у.

Февраль ойи бошида Ўзбекистон ва Беларусь президентлари ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард доллардан зиёдга етказиш, Жанубий Осиёга савдо йўлакларидан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, озиқ-овқат ва енгил саноат соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олганди. Ҳудудлар форумида умумий қиймати 1 миллиард доллардан ортиқ ҳужжатлар ҳам имзоланган.

Шавкат Мирзиёев музокаралар чоғида Ўзбекистонда мисни бойитиш фабрикалари қуриш учун БелАЗ билан ҳамкорликда кон самосваллари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича қўшма корхона ташкил этиш зарурлигини маълум қилган.