Францияда Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди (ИҲБЕС) Швейцариянинг иқлим инқирозини енгишдаги муваффақиятсизлиги инсон ҳуқуқларини бузади, дея қарор қилди. Бу суднинг тарихда биринчи марта иқлим ўзгариши билан боғлиқ иш бўйича қарор чиқариши ҳолати ҳисобланади, деб хабар бермоқда CNN.

64 ёшдан ошган 2000 дан ортиқ аёллардан иборат Швейцария фуқаролари гуруҳи ИҲБЕСга даъво аризаси билан мурожаат қилган. Уларнинг таъкидлашича, ҳаддан ташқари иссиқ об-ҳаво даврлари уларнинг соғлиғи ва ҳаёт сифатига путур етказади ва уларни ўлим хавфи остида қолдиради.

Якунда суд Швейцария ҳукумати эмиссияларни камайтириш тўғрисида мамлакат қонунчилигидаги «хавфли бўшлиқлар» туфайли бир қатор инсон ҳуқуқларини бузган, деб қарор қилди. Суд раиси Шифра О’Лири Швейцария ҳукумати иқлимга оид мақсадларига эриша олмаганини ва тегишли чоралар кўрмаганини таъкидлади.

«Швейцарияга қарши бугунги қарор барча Европа мамлакатларига тегишли бўлган тарихий прецедентдир, — деди Global Legal Action Network ҳуқуқшуноси Жерри Листон CNN`га. — Бу барча Европа давлатлари зудлик билан ўзларининг [иқлим] мақсадларини қайта кўриб чиқишлари кераклигини англатади… Бу барча авлодлар учун катта ютуқдир».

Телеканалнинг қайд этишича, Швейцарияда апелляция бериш ҳуқуқи йўқ, қарор эса қонуний кучга эга. Суд қарори, шунингдек, Швейцарияни қазиб олинадиган ёқилғи сарфини тезроқ қисқартиришга мажбур қилиши мумкин.