Маданият вазирлиги 2024−2025 йилларда ўз бюджети ҳисобидан The Voice of Uzbekistan («Овоз») телелойиҳаси учун салкам 2 млрд сўм ажратади. Бу бўйича тегишли ҳужжатлар давлат харидлари электрон тизимига (xarid.uzex.uz) жойланганига дастлаб Media24.uz эътибор қаратди.

Маблағ телелойиҳа иштирокчиларининг устозлари (3 киши), бадиий раҳбар (1), мусиқа директори (1), телелойиҳада иштирок этадиган созандаларга (6) 6 ойлик гонорар тўлаш учун ишлатилади. Шартнома Talent Show масъулияти чекланган жамияти билан тузилган.

the voice of uzbekistan, маданият вазирлиги, овоз, телелойиҳа

Маданият вазири Озодбек Назарбековнинг бош вазир Абдулла Апировга йўллаган хатида айтилишича, ушбу лойиҳанинг асосий мақсади мамлакатда фаолият юритаётган истеъдодли ёшларни саралаш, улур учун ижодий майдон яратиш, янги иқтидорларни кашф этиш, шунингдек, уларни қўллаб-қувватлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш бўйича миллий контент яратиш ҳисобланади.

Вазирнинг хатида, шунингдек, ҳукуматдан қуйидаги масалаларда ёрдам сўралган:

  • телелойиҳани ташкил этиш учун биринчи навбатда ижодкор ёшларни қабул қилиш, рўйхатга олиш ва саралаш мақсадида Тошкент шаҳри Яккасарой тумани Бобур кўчасидаги 45-уй манзилида жойлашган Маданият вазирлиги ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси биносидан ташкилотчилар сўровига биноан керакли хоналар ва томоша залини беғараз ажратиш ва зарур шароитлар яратиш;
  • Тошкент шаҳри ҳокимлиги томонидан мазкур манзилда жойлашган қўмита биносининг томоша залида тугалланмай қолган таъмирлаш ишларини якунлаш чораларини кўриш;
  • Маданий мерос агентлиги томонидан Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси биноси маданий мерос объекти эканини инобатга олиб, ташкилотчилар учун ажратиладиган хоналарда таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун белгиланган тартибда хулоса бериш;
  • Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари томонидан телелойиҳада ҳудудлардан иштирок этиш истагини билдирган ижодкор ёшларнинг дастлабки рўйхатини шакллантириш ва уларга амалий-услубий коҳнак бериш, телелойиҳада иштирок этиш учун рўйхатга олинган иштирокчиларнинг белгиланган муддатларда хавфсизликлари тўлиқ таъминланган ҳолда Тошкент шаҳрига келиб-кетишларини таъминлаш ҳамда у билан боғлиқ сарф-харажатларни (транспорт, овқатланиш, меҳмонхона ва бошқалар) олдиндан тўлаш;
  • Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан телелойиҳа ўтказиладиган барча жойларда тез тиббий ёрдам пунктларини ташкил этиш ҳамда ушбу ҳудудламинг санитария нормалари, қоидалари ва гигиена меъёрлари талабларига тўлиқ жавоб беришини таъминлаш;
  • Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги томонидан телелойиҳа ўтказиладиган объектларда жамоат тартибини сақлаш, йўл ҳаракати, ёнғин ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда бошқа ташкилий масалаларда амалий ёрдам кўрсатиш.