Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмоновага ижтимоий тармоқлар орқали ўсмир қиз отасининг турли зўравонликлари ҳақида гапираётгани акс этган видео келиб тушди.

Қайд этилишича, 16 ёшли М.Ш. ва унинг 14 ёшли синглиси Н.Ш.ларнинг онаси 2018 йилда вафот этган.

Шундан сўнг қизларнинг отаси Н.Р. катта фарзандига нисбатан турли уятсиз-бузуқ ҳаракатлар, шилқимликлар қилиб, бир неча йил давомида муттасил калтаклаб келган, шунингдек, турли ҳақоратлар билан унинг шаъни-қадр қимматини камситган.

Улар бир неча маротаба уйдан чиқиб кетгани сабабли бувиси Н.Л. неваралари бедарак йўқолгани ҳақида берган аризаси туфайли ҳамда отанинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун Қарши шаҳар прокуратураси терговга қадар текширув ҳаракатларини бошлаган.

Ҳозирда вояга етмаган М.Ш. ва Н.Ш. ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлгани учун вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Вояга етмаганларни ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилган ва уларга зарурий кўмак кўрсатилмоқда.

Ҳолат болалар омбудсмани томонидан назоратга олинган.