Тошкент шаҳрида Ички ишлар бош бошқармаси фуқаролар хавфсизлиги, уларнинг масжидларда ибодатларни тўлиқ адо этишларини таъминлаш учун жамоат тартибини сақлаш назорат ишларини ўтказмоқда. Бу вақтда тиланчиликни ўзига касб қилиб олганлар ҳам учрамоқда, дея хабар берди Учтепа тумани ИИО ФМБ бошлиғи ўринбосари Абдурашид Очилов.

«Учтепа туманида ўтказилган тезкор тадбирда 26 нафар тиланчилик билан шуғулланиб юрган аёл аниқланди. Уларнинг 13 нафар вояга етмаган фарзанди таълим доирасидан чиқиб кетиб тиланчилик қилиб юргани сабаб ИИББ қошидаги вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилди. Ундан ташқари, 3 нафар 1,5 ёшли гўдакларни эса ота-онаси бошқа бўлган шахслар ўзларига қурол сифатида олиб, тиланчилик қилаётгани аниқланди ва улар гўдаклар уйига жойлаштирилди», дея таъкидлади у.

Бошқарма хабарида тадбирлар давомида аниқланган фуқароларга профилактик тушунтириш ишлари олиб борилгани айтилади.

Орган ходими жамоат жойида тиланчилик қилиш жавобгарликка тортилишини эслатди. Унга кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 188−3-моддасига кўра, тиланчилик билан шуғулланиш БҲМнинг 1−3 баравар миқдоригача жарима (340 минг сўмдан 1 млн 20 минг сўмгача) ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазосига сабаб бўлади.

Агар маъмурий жавобгарликка тортилган шахс такроран шу ишни қилса, Жиноят кодексига асосан 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилгача озодликни чеклаш ёки 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.