Грузия пойтахти Тбилиси шаҳрида дзюдо бўйича навбатдаги «Катта дубулға» турнири якунланиб, унда ўзбекистонликлар 2 та кумуш медали билан чекланди.

Мусобақада 83 мамлакатдан 531 нафар спортчи қатнашди (Ўзбекистондан 18 нафар). Жамоага биринчи бўлиб -66 кг вазн тоифасида Сардор Нуриллаев медаль олиб келди. У олтин медаль учун баҳсда нейтрал мақомда курашган Иван Чернихга имкониятни бой берди ва мусобақани иккинчи ўринда якунлади. Бу Нуриллаевнинг «Катта дубулға» мусобақаларидаги олтинчи медали бўлди. Шунингдек, у жаҳон ва Париж-2024 рейтинги учун 700 очкога эга бўлмоқда.

дзюдо, катта дубулға

-81 кг вазн тоифасида курашаётган Шарофиддин Болтабоев катта танаффусдан кейин яна шоҳсупага кўтарилди. У ҳам финалда нейтрал мақомда курашган Тимур Арбузовга ютқазиб қўйди ва кумуш медалга сазовор бўлди. У сўнгги бор 3 йил муқаддам халқаро майдонда финал босқичида курашганди. Охирги медали унга жаҳон ва Париж-2024 Олимпиадаси учун 700 очко тақдим этди.

дзюдо, катта дубулға

Терма жамоа бу турнирни 12-ўринда якунлади.

дзюдо, катта дубулға

Эслатиб ўтамиз, ўзбекистонликлар бундан аввал март ойи бошида Тошкентда ўтган «Катта дубулға» турнирида 6 та медаль олиб, Франция ва Япониядан кейин умумҳисобда 3-ўринда бўлганди. Февраль ойида эса Озарбайжоннинг Боку шаҳрида ўтган турнирда 3 та медаль олинган.