Журналист ва спорт шарҳловчиси Василий Уткин 52 ёшида вафот этди. Бу ҳақда «Матч ТВ» хабар берди.

Baza хабарига кўра, 19 март куни Уткин зудлик билан Москвадаги Пирогов касалхонасининг кардиология бўлимига олиб келинган. Шифокорлар унга ўткир қон-томир етишмовчилиги ташхисини қўйган.

Журналист сунъий нафас олдириш аппаратига уланган, бироқ реанимация ҳаракатлари самарасиз бўлган. Ўлимнинг дастлабки сабаби — ўпка эмболияси (ўпка артериясида ҳосил бўлган тромб).

Василий Уткин 1972 йил 6 мартда Россиянинг Балашиха шаҳрида туғилган. Москва давлат педагогика университетининг филология факультетида таҳсил олган. 1990 йилларнинг ўрталарида у спорт шарҳловчиси ва «НТВ» ва «НТВ-Плус» телеканалларида «Футбол клуби» дастурининг муаллифи сифатида обрў қозонди.

«Матч ТВ» ва Eurosport телеканалларида ҳам ишлаган. 2004−2005 йилларда Уткин «Энг яхши спорт шарҳловчиси» номинациясида TEFI мукофотига сазовор бўлган.