Биринчи ўрта вазн тоифасида (69,9 кг гача) WBA йўналишида жаҳон чемпиони бўлган ўзбекистонлик профессионал боксчи Исроил Мадримов муддатидан олдин Ўзбекистон ички ишлар органлари майори унвонини қўлга киритди, дея хабар қилмоқда ИИВ матбуот хизмати.

У 8 март куни Саудия Арабистонида WBA чемпионлиги учун аввал мағлуб бўлмаган россиялик боксчи Магомед Қурбонов устидан муддатидан аввал ғалаба қозонганди.

18 март куни Ички ишлар вазирлиги Маданият саройида ички ишлар ходимларини тақдирлаш маросимида ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов Мадримовга майор махсус унвонини топширди. Бунгача спортчи капитан унвонига эга эди.

Фото: Исроил Мадримов / Facebook.Фото: Исроил Мадримов / Facebook.

Махсус унвонни муддатидан олдин бериш шартлари ички ишлар органларида хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низомда келтирилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил Мадримовга президент совғаси — нархи 1,04 млрд сўм бўлган Tahoe автомобили топширилганди.